Экспертлар гуруҳи сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлигини текширишда давом этмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, экспертлар гуруҳлари таркиби Марказий сайлов комиссияси, Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош маркази, “Нуроний” жамғармаси, Х.Сулаймонова номли Республика суд экспертизаси маркази, Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларидан иборат.
Сиёсий партиялар тақдим этган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлиги Марказий сайлов комиссияси томонидан беш кунлик муддатда текширилади. Сайловчилар имзолари зарур сонининг камида ўн беш фоизи ва имзо варақаларига имзоларини қўйган сайловчилар тўғрисидаги тегишли маълумотлар текширилиши лозим.
Текшириш учун сайловчиларнинг ҳар бир сиёсий партияни ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни қўллаб-қувватлаб берилган имзолари бир хил миқдорда, ҳар бир маъмурий-ҳудудий тузилмадан (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳридан) тенг нисбатда танлаб олинади.
Марказий сайлов комиссияси имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Эксперт гуруҳини тузиши мумкин. Эксперт гуруҳи таркибига ички ишлар органларининг, адлия органларининг мутахассислари, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари вакиллари жалб этилади. Имзо варақаларини текширишда сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари иштирок этади.
Агар Марказий сайлов комиссияси томонидан танлаб олинган имзо варақаларининг чорак қисмидан кўпроғини текшириш натижасида имзо варақалари қонун бузилган ҳолда тузилганлиги аниқланса, мазкур имзо варақалари сиёсий партиянинг ваколатли вакилига қайтарилади ва унга камчиликларни бартараф этиш учун икки кунлик муддат берилади.
Агар қўллаб-қувватловчи шахсларнинг (сайловчиларнинг) имзолари сони белгиланган энг кам миқдордан яна оз бўлиб чиқса, мазкур имзо варақалари тўлиғича ҳақиқий эмас деб топилади. Мазкур ҳолда Марказий сайлов комиссияси сиёсий партияга сайловда иштирок этиш ҳуқуқини рад этади.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати