• eye Version for the visually impaired
МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИНИНГ НАВБАТДАГИ МАЖЛИСИ
03.12.2019
5483
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг сайловга оид конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқариш мақсадида чет давлатларда очилган сайлов участкалари фаолиятини сайлов қонунчилиги талабларига биноан ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг сайловга оид конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқариш мақсадида чет давлатларда очилган сайлов участкалари фаолиятини сайлов қонунчилиги талабларига биноан ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси М.Абдусаломов МСКнинг ўтган йиғилишларида Ўзбекистоннинг  Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, АҚШ, Корея Республикаси каби мамлакатлардаги элчихоналари томонидан  сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлар батафсил муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинганини таъкидлади. МСКнинг 3 декабрь куни ўтган кенгайтирилган йиғилиши  кун тартибидан ҳам мазкур масала алоҳида ўрин олди.

 Анқара шаҳридаги Ўзбекистон элчихонаси билан ўрнатилган бевосита видеоконференц алоқа орқали Ўзбекистоннинг Туркия Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Аъзамхўжаевнинг ахбороти тингланди.

Элчихона томонидан Туркиянинг пойтахти - Анқара ҳамда Истанбул шаҳарларида очилган сайлов участкалари фаолияти Ўзбекистон Республикасининг сайлов қонунчилигига биноан  ташкил этилган. 22 декабрь куни бўладиган сайловларда иштирок этиш истагини билдирган сайловчилар рўйхатини тузиш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Ушбу муҳим сиёсий жараёнга оид маълумотлар билан танишишни истаган Ўзбекистоннинг Туркиядаги фуқаролари элчихонанинг расмий веб-сайтидан сайлов қонунчилигидаги янгиликлар, овоз бериш манзили ва куни, вақти ҳамда бошқа кўплаб ахборотларни олишлари мумкин.  Айни пайтда, сайловчилар saylov.mfa.uz манзили орқали электрон рўйхатдан ўтишлари мумкин.

 “Ватандошларимиз иштирокида ўтказилаётган учрашувларда  хорижда овоз бериш борасида яратилган қулайликлар ва имкониятлар ҳақида батафсил тушунтиришлар берилмоқда. Тахминларга кўра, Туркия Республикасида истиқомат қилаётган 90 фоиздан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари сайловларда ўз овозларини муносиб номзодларга берадилар.

Бугунги кунда Туркияда 850 нафардан зиёд ўзбекистонлик талабалар таҳсил олмоқда. Ҳозиргача уларнинг 600 нафардан зиёди рўйхатга олинди. Сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз беришлари учун кенг имконият яратиш мақсадида Туркиянинг кўп сонли талабалар истиқомат қиладиган шаҳарларида зарур шароитлар яратилди. Туркия бўйича 5 та шаҳарда 12 декабрдан 19 декабргача кўчма сайлов участкалари фаолият юритади. Унда ватандошларимиз муддатидан олдин овоз беришлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни муносабати билан жорий йилнинг 7 декабрь куни Туркиянинг Анқара шаҳрида Ўзбекистонлик талабалар иштирокида ўчрашув ташкил этишни режалаштирганмиз. Маълумот ўрнида айтиш жоиз шу кунга қадар Туркиянинг ОАВ орқали 10 га яқин сайловга оид мақолаллар чоп этилди ва брифинглар ўтказилди. Мажлисда партиялар вакилларига хориждаги ватандошларимиз учун сиёсий партияларнинг сайловолди дастурлари ҳақида кўпроқ маълумот бериш, тарғибот тадбирларини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди” - деди Ўзбекистон Республикасининг Туркия Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Аъзамходжаев.

Ўзбекистон Республикасида ногиронлиги бўлган шахслар ўзларининг конституциявий ҳуқуқларини, жумладан сайлов ҳуқуқини бошқа фуқаролар билан тенг ва эркин амалга ошириши учун зарур шароит ва имкониятлар яратилган.  Сайлов кодексида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва уларни рўёбга чиқариш учун имкониятлар тенглигини таъминлаш, тўсиқсиз фойдаланиш бўйича қоидалар киритилганлиги ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай шароит яратилишига хизмат қилади.

Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўз сайлов ҳуқуқларидан тенг, фаол ва тўсиқсиз фойдаланишини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш масаласи ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарори қабул қилинди. Таъкидлаш ўринлики, мазкур масала Марказий сайлов комиссияси билан Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти ва Ўзбекистон Карлар жамияти ўртасида шу йил 27 сентябрь куни имзоланган икки томонлама келишувларга мосдир.  

Мажлисда номлари қайд этилган жамиятларнинг 2019 йил 22 декабрда ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари “Сайловларда тенг имкониятлар!” шиори остида иштирок этиш борасидаги ташаббуси маъқулланиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш лозимлиги таъкидланди.

Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов кампаниясини ёритиш юзасидан мамлакатимиз ва чет эл журналистларини аккредитациядан ўтказиш давом этмоқда. Хозирги кунга қадар, аккредитациядан ўтказилган маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари сони 254 тага етди. Худди шундай ваколатга эга бўлган хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари сони эса, 85 тани ташкил этмоқда. Бугунги мажлисда Ўзбекистонда чоп этиладиган “Маҳалла” газетаси ва “Маҳалла кўзгуси”, «O‘zbekiston» телерадиоканали, «O‘zbekiston 24» телерадиоканали, «Yoshlar» телерадиоканали, «Sport» телерадиоканали, «Toshkent» телерадиоканали, “Дунё” ахборот агентлиги ҳамда хорижий ОАВ бўлган “Спутник-Ўзбекистон” Ахборот агентлиги ва радиоси, Германиянинг «ARD» телеканали, Буюк Британиянинг «The Financial Times» газетаси ва АҚШнинг «Bloomberg» Ахборот агентлиги журналистлари аккредитация қилинди.

Мажлисда Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига мувофиқ Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Парламентлараро ассамблеяси кузатувчилар миссиясининг 28 нафар ҳамда Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент ассамблеяси кузатувчилар миссиясининг 65 нафар халқаро кузатувчилари аккредитациядан ўтказилди.

Мажлисда Марказий сайлов комиссиясининг ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати