• eye Version for the visually impaired
Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси
17.12.2019
2084
Жорий йилнинг 17 декабрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Жорий йилнинг 17 декабрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси М.Абдусаломов бошқарган мажлис кун тартибидан  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига бўлиб ўтадиган сайловларга кўрилаётган тайёргарликларни кузатиш жараёнлари бўйича Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси кузатувчилари миссияларининг оралиқ ҳисоботлари, сайловларда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакилларининг аккредитацияси, депутатликка номзодни рўйхатдан чиқариш ва шу муносабат билан сайлов бюллетенига тузатиш киритиш, сайлов участкаларида сайлов жараёнини видеотрансляция ва биометрик идентификация қилиш қурилмаларини жорий қилиш ва ўрнатиш бўйича қўшимча чора-тадбирларга оид масалалар ўрин олди.

 

Шунингдек, Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссияси ва Қашқадарё вилояти ҳудудида жойлашган Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 126-Бешкент округ сайлов комиссиясининг сайлов жараёнига тайёргарлиги ҳақидаги ахборотлари тингланди.

 

Мажлис аввалида МДҲ кузатувчилар миссияси ва ЕХҲТ ДИИҲБ сайловларни кузатиш бўйича миссиясининг 2019 йил 22 декабрда ўтказиладиган Ўзбекистон Республикасидаги сайловлар бўйича оралиқ ҳисоботлари кўриб чиқилди. Ҳисботларда бўлажак сайловлар сезиларли даражада янгиланган ҳуқуқий тизим доирасида ўтказилаётгани алоҳида таъкидланган. Жорий этилган янгиликлар бир неча марта овоз беришни истисно этувчи сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати татбиқ этилиши, Қонунчилик палатасида Экологик ҳаракат депутатлик ўринлари учун квоталар бекор қилиниши, сайловчиларга биттадан ортиқ сиёсий партияларнинг сайловда қатнашишини қўллаб-қувватлаш учун имзо қўйиш ҳуқуқининг берилиши, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларга сайловда овоз бериш ҳуқуқи берилиши билан боғлиқ халқаро стандартларга мос сайлов қонунчилигига оид янгиликлар ижобий баҳоланган. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайловларни кузатиш ҳуқуқи берилгани, депутатликка номзодлар орасида аёлларнинг улуши 41 фоизгача ва бошқа миллат вакилларининг улуши 8,4 фоизгача ошгани алоҳида таъкидланган.

 

Ҳисоботларда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг фаолиятига юқори баҳо берилган. Жумаладан, ЕХҲТ ДИИҲБ ҳисоботида таъкидланишича, Комиссия аъзоларининг сони 16 нафардан 21 нафаргача, таркибидаги аёллар сони 3 нафардан 7 нафаргача кўпайди. МСК томонидан сайловларни ўтказиш тартиби ва муддатларига қатъий риоя қилинмоқда.

Марказий сайлов комиссияси томонидан ахборот технологияларидан самарали фойдаланган ҳолда, сайловчиларни кенг хабардор қилиб бориш, бутун мамлакат бўйлаб сайлов комиссияси аъзоларини ўқитиш, илк бор “Saylov – 2019” мобил иловасини ишга тушириб, амалиётга татбиқ қилиш, ногиронлиги бўлган шахслар учун шароитлар яратиш бўйича кенг кўламдаги ишлар изчиллик билан олиб борилмоқда. МДҲ кузатувчилар миссиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси сайловларига тайёргарлик кўришни кузатиш жараёни тўғрисидаги 2019 йил 12 декабрдаги оралиқ ҳисоботи, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросининг Ўзбекистон Республикасидаги парламент сайловларини кузатиш бўйича миссиясининг 2019 йил 13 декабрдаги оралиқ ҳисоботи маълумот учун қабул қилинди.

 

Сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларга сиёсий партиялар ва номзодларнинг сайловолди дастурларини оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда, шунингдек сайловчилар билан учрашувлар ташкил этиш  орқали ёритиш ва аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш, участка сайлов комиссияларига сиёсий партиялар томонидан ўтказиладиган сайловолди тадбирлари тўғрисида сайловчиларни хабардор қилиб қўйиш бўйича ишларни фаоллаштириш, шунингдек сайлов соҳасидаги қонун ҳужжатларида белгиланган қоида ва нормаларга риоя этилишини таъминлаш бўйича янада изчилроқ чоралар кўриш, оммавий ахборот воситаларига сиёсий партияларнинг сайловолди дастурлари таҳлилига кўпроқ эътибор қаратиш, шунингдек омма олдида ўтказилган очиқ мунозаралар (дебатлар) бўйича якуний таҳлилий фикрларини тақдим этиш тавсия этилди.

 

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг Сиёсий партияларнинг Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси телеканалларида 2019 йил 20 декабрда соат 14.00 дан 16.00 гача тўғридан-тўғри трансляция қилиш орқали партиялар ўртасида якуний очиқ мунозараларни (дебатларни) ўтказиш тўғрисидаги таклифлари мақулланди. МСК Котибиятига халқаро ташкилотлар кузатувчилари миссиясининг дастлабки ва якуний ҳисоботларини олганидан сўнг халқаро ташкилотлар кузатувчилар миссиясининг дастлабки ва якуний ҳисоботларини миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштириш нуқтаи назаридан ўрганиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқади.  Халқаро ташкилотларнинг тавсияларини муҳокама қилиш бўйича 2020 йилнинг иккинчи чорагида халқаро конференция ўтказиш ва илғор хорижий давлатларнинг тажрибасини миллий сайлов қонунчилигига имплементация қилиш масаласи кўриб чиқилади.

 

Мажлисда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ўзгартириш киритилган сайлов участкаларига видеокамералар ва биометрик идентификация қилиш қурилмаларини ўрнатиш ишларини жорий йилнинг 19 декабрига қадар тўлиқ якунлайди. Марказий сайлов комиссияси томонидан бугунги кунга қадар 186 нафар халқаро кузатувчилар аккредитациядан ўтказилди.

 

Ўзбекистон Республикаси сайловларида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар тўғрисидаги низомга мувофиқ Ташқи ишлар вазирлиги томонидан навбатдаги тақдимномада ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуҳуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ/ДИИҲБ), ЕХҲТ Парламент ассамблеяси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ), Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ), Туркийзабон давлатлар парламент ассамблеяси, Туркийзабон халқлар ҳамкорлиги кенгаши каби миссия аъзоларининг ҳужжатлари тақдим қилинди. Олтита миссиянинг 642 нафар  аъзосини халқаро кузатувчи сифатида  рўйхатга олиш бўйича қарор тасдиқланди.

 

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16 ва 35-моддаларига ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 5 октябрдаги 952-сон қарори билан тасдиқланган Сайлов кампанияси даврида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ мамлакатимиз ва чет эл журналистлари аккредитациядан ўтказилди.

Мажлисда «Кун.уз» интернет нашри, «Подробно.uz» янгиликлар агентлиги,  Белгиянинг  «Diplomat Magazine» журнали, АҚШнинг  «Радио свобода» Европа хизмати, Таиланднинг «NBT World» телеканали, Швейцариянинг «Diva International» журналининг журналистлари  аккредитациядан ўтказилди.  Комиссия аъзолари  сайловларни ёритишда иштирок этувчи навбатдаги 20 нафар маҳаллий ва хорижий журналистни аккредитациядан ўтказиш бўйича қарор қабул қилди.

 

Комиссия аъзолари шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 19 ноябрдаги 987-сон ҳамда 2019 йил 26 ноябрдаги 991-сон қарорларига мувофиқ аккредитациядан ўтказилган айрим хорижий ва маҳаллий журналистларнинг аккредитациялари тегишлича Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига асосан бекор қилинди.  Ҳозирги кунга қадар аккредитациядан ўтказилган маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари сони 283 нафарга  ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари сони эса 99 нафарга етди.

 

Тадбирда шунингдек, депутатликка номзодни рўйхатдан чиқариш ва шу муносабат билан сайлов бюллетенига тузатиш киритиш масаласи кўриб чиқилди. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан  63-Каттақўрғон сайлов округидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод этиб кўрсатилган Собир Сайфиевич Шукуров ўз ихтиёри билан берган аризасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар рўйхатидан чиқарилди. Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси томонидан 54-Норин сайлов округидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод этиб кўрсатилган Абдували Хайруллаевич Мавланов ўз ихтиёри билан берган аризасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар рўйхатидан чиқарилди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати