• eye Version for the visually impaired
Марказий сайлов комиссияси Раиси Мирзо Улуғбек АБДУСАЛОМОВнинг БРИФИНГДАГИ НУТҚИ
22.12.2019
3864
Бугун –– 22 декабрь соат 08.00 да Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг сайлови бошланди.

 

 

МСК Халқаро матбуот маркази.

Соат: 10.00. 2019 йил 22 декабрь

 

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Хонимлар ва жаноблар!

 

Бугун –– 22 декабрь соат 08.00 да Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг сайлови бошланди.

Эрталаб соат 8:00да мамлакатимизда ташкил этилган 10 минг 260 та сайлов участкаси сайловчиларга ўз эшикларини очди.

Шунингдек, хорижий давлатлардаги ваколатхоналар ҳузурида тузилган 55та сайлов участкалари, жумладан, Шарқ мамлакатларида ташкил этилган сайлов участкалари ҳам иш бошлади.

Айни пайтда барча сайлов округлари ва сайлов участкалари билан доимий алоқа ўрнатилган.

Овоз бериш биринчи бўлиб Ўзбекистон Республикасининг Япония, Жанубий Корея, Хитой, Малайзия, Сингапур, Индонезия, Таиланд ва Ҳиндистондаги ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларида бошланди.

Жорий йил сайловларида мамлакатимизда биринчи марта жорий этилган Сайлов жараёнини бошқаришнинг автоматлашган тизимидаги Сайловчиларнинг электрон рўйхатида мавжуд сайловчилар сони 20 миллион 495 минг
457 нафарни,
жумладан мамлакатимиз бўйича
18 миллион 797 минг 810 нафар ёки 91,7 фоизни, чет элларда 1 миллион 697 минг 647 нафарни ёки 8,3 фоизни ташкил этмоқда.

 “Янги Ўзбекистон — Янги сайловлар” шиори остида ўтаётган сайловларда мамлакатимиз тарихида биринчи марта бешта сиёсий партия номзодлари рақобатга киришган.

Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил
15 ноябрдаги қарорига мувофиқ сиёсий партиялар томонидан жами 750 нафар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган номзодлар рўйхатга олинган эди.

21 декабрь кунига қадар 750 нафар номзодларнинг 6 нафари Марказий сайлов комиссиясига ўз ихтиёрлари билан берган аризасига биноан, номзодлар рўйхатидан чиқарилди ва бугунги кунга келиб ушбу рўйхатда 744 нафар номзод мавжуд.

Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялар томонидан 2019 йил 20 сентябрдан 20 декабрга қадар, яъни сайлов кампанияси даврида амалга оширилган ташвиқот ва тарғибот ишлари бўйича ҳам мониторинг олиб борди. Мониторинг натижаларига кўра, сайлов кампанияси даврида сиёсий партиялар томонидан: қўпол қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилмади.

Ҳурматли меҳмонлар,

Жорий йилги сайловларда илк бор Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги 60 та сайлов участкасига тажриба-синов тариқасида 120 та видеокамера ўрнатилди. Мазкур видеокамералардан сайловчиларнинг овоз бериш жараёни Халқаро матубот марказига ва Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб сайтига онлайн режимида тўғридан-тўғри намойиш қилинмоқда.

Айни пайтда, тажриба-синов тариқасида йигирмата сайлов участкасига овоз бериш чоғида фуқароларнинг шахсини аниқлаш учун биометрик ҳужжатларни «ўқийдиган» 60 та шахсни идентификация қилиш қурилмалари ҳам ўрнатилган.

Ҳозирга қадар олинган маълумотларга кўра сайловлар халқаро меъёрлар ва стандартларга мос миллий сайлов қонунчилигимизга, унда белгиланган очиқлик, ошкоралик ва адолатлилик каби демократик принципларга тўла мос ҳолда, кўтаринки руҳда ўтказилмоқда.

Сайлов кодексига биноан, Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси – сайловчи тенг сайлов ҳуқуқига эга. Сайловда эркин ва яширин овоз берилади. Овоз берувчиларнинг хоҳиш-иродаси назорат қилинишига йўл қўйилмайди. 

Сайлов қонунчилигига мувофиқ, соғлиғининг ҳолати ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган сайловчилар учун участка сайлов комиссиялари овоз беришни ўша сайловчилар турган жойда ташкил этадилар.

Сайловларни ўнта нуфузли халқаро ташкилотдан, дунёнинг 50дан ортиқ давлатидан келган 825 нафар халқаро кузатувчилар бевосита кузатиб бормоқда.

Бундан ташқари, депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқари органларидан жами 70 мингдан ортиқ кузатувчилар ҳам сайловларни бевосита кузатмоқда.

Сайловларни 70дан ортиқ хорижий оммавий ахборот воситаларининг 135 нафар, шунингдек республика миқёсидаги 283 нафар ва мамлакат ҳудудларидаги 800 га яқин маҳаллий журналистлар фаол ёритмоқда.

Ҳозирга қадар Марказий сайлов комиссиясига сайловларда овоз бериш жараёни давомида ҳозиргача сайлов қонунчилиги бузилиши ҳақида маълумотлар келиб тушмади.

Агарда сайловчилар, кузатувчилар ёки оммавий ахборот воситалари вакиллари сайлов қонунчилиги бузилиши ҳолатларини аниқлагудек бўлса, улар суд, прокуратура органлари ёки сайлов комиссияларига мурожаат қилиши мумкин.

Бунинг учун барча сайлов участкаларида маъмурий судлар ва прокуратура органларининг телефон рақамлари ҳақида маълумотлар мавжуд.

Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловнинг бориши тўғрисидаги вилоят ва округ сайлов комиссиялари билан доимий алоқа ўрнатилган.

Халқаро матбуот марказининг 1-қаватда жойлашган мажлислар залидаги таблосида соат 11.00 ҳолатига сайловда қатнашганлар сони тўғрисидаги дастлабки маълумотни эълон қилиш режалаштирилган.

Эътиборингиз учун раҳмат!