Пирназар бобо Турдиев уруш ва меҳнат фахрийси, Кармана туманидаги “Дўрман” МФЙда истиқомат қилади. Тумандаги 89-сайлов участкасига келиб, ўзи муносиб топган номзодларга овоз берди. Ҳарчанд уринмасин, нечанчи бор сайловларда иштирок этаётганлигини эслай олмади.
— Ҳар бир сайловда келиб овоз берганман, — дейди П. Турдиев. — Мана юз ёшнинг устида туриб, яна овоз бердим. Худо хоҳласа, мен танлаган номзоднинг элга кўп нафи тегади, деб ўйлайман.
Вилоятда айни дақиқаларда сайловда овоз бериш қизғин паллаларга кирган. У вилоятнинг барча ҳудудларида уюшқоқлик билан ўтмоқда. Хусусан, Зарафшон шаҳрида ҳам сайлов жараёнлари қизғин бошланди. Шу ҳудудда истиқомат қилувчи Ибодулла Ризаев 248-сайлов участкасига биринчилардан бўлиб ташриф буюрди ва ўзининг фуқаролик бурчини адо этди.
— Сайлов бу халқ хоҳиши, унда иштирок этиш шу юрт тақдирига бефарқ эмасликни билдиради. Шунинг учун эрта тонгдан яхши кайфият билан ўзим муносиб деб билган номзодга овоз бериш учун келдим, — дейди Ибодулла Ризаев.
Қизилтепа туманидаги 103-сайлов участкасида ўз келажаги учун овоз берган Нилуфар Шамсиева эса сайловларда илк бор иштирок этмоқда.
— Менинг қарорим ҳам мамлакат ҳаётига дахлдор эканлигидан мамнунман, — дейди Н. Шамсиева. — Шу масъулият мени ва тенгқурларимни сайлов участкасига бошлади.
Сайлов вилоятда давом этмоқда.
Темур ЭШБОЕВ
“Халқ сўзи”