• eye Version for the visually impaired
Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисига оид
06.01.2020
2051
Жорий йилнинг 6 январь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда комиссия аъзолари, масъул ходимлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди. Йиғилишни Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов олиб борди.

Жорий йилнинг 6 январь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда комиссия аъзолари, масъул ходимлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди. Йиғилишни Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов олиб борди. Мажлис кун тартибидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига айрим сайлов округларидан такрорий овоз бериш натижасида сайланган депутатларни рўйхатга олиш, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг гувоҳномаси ҳамда кўкрак нишони, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг гувоҳномаси ҳамда кўкрак нишони тўғрисидаги масалалар ўрин олди.

Таъкидланганидек, 21-декабрь кунига қадар 750 нафар номзодларнинг 6 нафари Марказий сайлов комиссиясига ўз ихтиёрлари билан берган аризасига биноан, номзодлар рўйхатидан чиқарилди ва 22-декабрь куни бўлиб ўтган сайловларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 150 депутатлик ўрни учун бешта сиёсий партиянинг 744 нафар номзоди кураш олиб борди.  

Сайлов натижасига кўра, Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 25 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 125 та Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи сайлов округларидан номзодлар Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган деб топилиб, рўйхатга олинди.

Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 25 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайлови бўйича айрим сайлов округларида такрорий овоз беришни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ эса Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 25 та сайлов округларида биринчи турда ғолиблар аниқланмаганлиги учун, яъни бирорта ҳам номзод сайловчиларнинг 50 фоизидан кўп овозини олмаганлиги сабабли ушбу сайлов округларида овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг энг кўп овозларини олган номзодлар ўртасида такрорий овоз беришни ўтказиш 2020 йил 5-январь кунига белгиланди.

Мазкур қарорга мувофиқ жорий йилнинг 5 январида мамлакатимизда ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 25 та сайлов округларидаги 1730 та сайлов участкаларида такрорий овоз бериш жараёни ўтказилди. Ушбу сайлов участкаларида 3 миллион 147 минг 79 нафар фуқаролар Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига киритилган бўлиб, улардан 1 миллион 978 минг 48 нафари такрорий овоз беришда иштирок этди. Демак, Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига киритилган фуқароларнинг 62,8 фоизи такрорий овоз беришда иштирок этди.

Шунингдек, Халқ депутатлари вилоят кенгашларига сайлов ўтказувчи 95 та сайлов округидаги 1104 та сайлов участкасида ҳамда халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи 587 та сайлов округидаги 1117 та сайлов участкасида такрорий овоз бериш бўлиб ўтди.

Сайлов кодексининг 59-моддасига асосан такрорий овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг овозини бошқа номзодга нисбатан кўпроқ олган номзод сайланган деб ҳисобланади. Такрорий овоз беришда сайловчиларнинг иштирок этиши фоизи ҳисобга олинмайди.

Такрорий овоз бериш жараёнини депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан жами беш мингдан ортиқ кузатувчилар кузатиб борди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказилган мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳамда ҳудудий сайлов комиссияларидан аккредитациядан ўтган маҳаллий журналистлар сайловлар жараёнини фаол ёритиб бордилар.

Такрорий овоз беришда иштирок этган 50 нафар номзодларнинг 15 нафарини – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси вакиллари, 11 нафарини – Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси вакиллари, 10 нафарини – Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси вакиллари, 9 нафарини – Ўзбекистон Халқ демократик партияси вакиллари ҳамда 5 нафарини – Ўзбекистон Экологик партияси вакиллари, уларнинг 18 нафарини хотин-қизлар ташкил этди.

Йиғилишда, МСКнинг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига айрим сайлов округларидан такрорий овоз бериш натижасида сайланган депутатларни рўйхатга олиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Шундай қилиб, дастлабки ҳамда такрорий овоз бериш натижасида, яъни сайловларнинг умумий якунларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида сиёсий партиялар қуйидагича депутатлик ўринларига эга бўлдилар:

1. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси 53 та депутатлик ўрни;

2. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси 36 та депутатлик ўрни;

3. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси  24 та депутатлик ўрни;

4. Ўзбекистон Халқ демократик партияси 22 та депутатлик ўрни;

5. Ўзбекистон Экологик партияси 15 та депутатлик ўрнини эгаллашди.

Сайлов кодексига мувофиқ, Қонунчилик палатасига сайланган депутатларни рўйхатга олиш Марказий сайлов комиссияси округ сайлов комиссияларидан олинган баённомалар асосида Қонунчилик палатасига сайланган депутатларни рўйхатга олади. Депутат этиб сайланган шахслар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган пайтдан эътиборан Қонунчилик палатаси депутати мақомига эга бўлади. Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган шахслар Марказий сайлов комиссиясига Қонунчилик палатаси депутатининг мақомига тўғри келмайдиган вазифаларни ўз зиммасидан соқит қилганлиги тўғрисида ёзма шаклда маълум қилиши шарт. Қонунчилик палатаси депутатларига Марказий сайлов комиссияси томонидан ўн кун ичида гувоҳнома ва кўкрак нишони берилади.

Шунингдек, мажлисда Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг гувоҳномаси ва кўкрак нишони тўғрисида намунавий низом тасдиқланди.  

Депутат гувоҳнома ва кўкрак нишонидан ўз ваколатлари муддати мобайнида фойдаланади. Депутат ўз ваколатларини амалга ошираётганда гувоҳномасини кўрсатиб, тегишли вилоят, туман ва шаҳар ҳудудида жойлашган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга монеликсиз кириш ҳуқуқидан, шунингдек уларнинг раҳбарлари ҳамда бошқа мансабдор шахслари томонидан дарҳол қабул қилиниш ҳуқуқидан фойдаланади.

 

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати