• eye Version for the visually impaired
Қирғизистоннинг “Кабар” ахборот агентлиги Ўзбекистондаги сайловлар ҳақида мақола эълон қилди
15.01.2020
1381
Қирғизистоннинг “Кабар” ахборот агентлиги расмий сайтида “Парламент сайловлари – Ўзбекистондаги улкан ўзгаришлар кўзгуси” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Қирғизистоннинг “Кабар” ахборот агентлиги расмий сайтида “Парламент сайловлари – Ўзбекистондаги улкан ўзгаришлар кўзгуси” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Мақола муаллифи, Агентлик бош директори Кубаничбек Таабалдиев мамлакатимизда ўтказилган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар жараёнини хорижий оммавий ахборот воситаси вакили сифатида бевосита кузатиб борган. У ушбу тадбир мисолида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни атрофлича таҳлил қилган.


“Парламент сайловлари натижасида замонавий Ўзбекистон тарихида илк бор реал рақобатга асосланган Қонунчилик палатаси шакллантирилди, - дейилади мақолада.- Сайлов ҳам мазмун, ҳам шакл жиҳатидан мутлақо ўзгача – “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтди. Бу мамлакат эндиликда бутунлай бошқа йўлдан бораётганини англатади. Марказий сайлов комиссияси бу гал дунёнинг 50 дан зиёд давлатидан 800 дан ортиқ халқаро кузатувчини таклиф этди. Кузатувчилар орасида Қирғизистон вакиллари ҳам бор эди. Халқаро экспертлар ўзлари ҳоҳлаган йўналишлар бўйича мамлакатнинг турли ҳудудларида жойлашган участкаларда сайлов жараёнини кузатиб борди. Мамлакат парламентининг бир неча депутати ҳамда бошқа расмий вакиллардан иборат Қирғизистон вакиллари Қирғизистон МСК раиси Нуржан Шайлдабекова бошчилигида сайлов жараёнини кузатиб бордилар”.


Муаллиф сайлов куни Бухоро вилоятида бўлганини, тадбирга ҳудудларда жуда катта тайёргарлик кўрилганини қайд этган. Унинг таъкидлашича, сайловолди кампанияси чоғида марказий телеканаллар орқали мунтазам равишда тўғридан-тўғри уюштирилган теледебатлар сайловчилар учун сайловда иштирок этган сиёсий партиялар, номзодлар, дастурлар ҳақида батафсил маълумот олиш имконини яратди.


“Сайлов куни мен кузатувни ўзим жойлашган “Бухоро гранд” меҳмонхонасидан унча узоқ бўлмаган Округ сайлов комиссияси биносидан бошладим, – дейди Кубаничбек Таабалдиев. – Ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилган сайлов участкаси ўз вақтида, эрталаб соат 8.00 дан бошлаб овоз бериш учун келган сайловчиларни қабул қила бошлади. Куннинг биринчи ярмида қатор сайлов участкаларига бориб, сайловчилар жуда фаол эканига гувоҳ бўлдик”.


Муаллиф Ўзбекистонда илк бор электрон овоз бериш синовдан ўтказилгани, айрим сайлов участкаларида, жумладан, Бухоро вилоятидаги бир участкада Марказий сайлов комиссияси томонидан шаффофликни таъминлаш мақсадида жараён онлайн кузатиб борилгани, хоҳлаган фуқаролар овоз берилишини интернет орқали Ўзбекистон МСК расмий сайтида бевосита кузатиб боргани сайловларнинг ижобий ютуғи сифатида қайд этган.


Мақолада Ўзбекистонда охирги уч йилда кечаётган муҳим ижобий ўзгаришлар Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юз бераётгани эътироф этилган. Мамлакат раҳбарининг саъй-ҳаракатлари туфайли бугунги кунда Ўзбекистон жаҳонга юз тутаётгани, хорижий давлатлар, хусусан, қўшни мамлакатлар билан муносабатлар мустаҳкамланаётгани, иқтисодий имкониятлари жиҳатидан минтақада етакчи ҳисобланган Ўзбекистонга хорижий инвесторларни жалб қилиш сезиларли фаоллашгани ёзилган.


“Буларнинг бари жаҳоннинг нуфузли нашрларидан бири – Буюк Британиянинг “Экономист” журнали томонидан Ўзбекистон 2019 йилда “Йил мамлакати” деб тан олинишига замин яратди, – деб фикрини якунлайди мақола муаллифи. – Кўпчилик мутахассислар фикрича, бу мамлакатни ривожлантиришга олиб борадиган йўлнинг фақат бошланиши. Янги шарт-шароитларда ўтган парламент сайловлари Ўзбекистоннинг сиёсий ҳаётида кечаётган муҳим ўзгаришлардан дарак бермоқда.
 

 

ЎзА