• eye Version for the visually impaired
САЙЛОВ ЯКУНЛАРИНИНГ САРҲИСОБИ: ютуқлар, йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш йўллари
13.02.2020
1673
Аввал хабар берганимиздек, Марказий сайлов комиссиясининг 2020 йил 3-февралдаги Фармойишига асосан, Қорқалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда шу кунларда Марказий сайлов комиссияси томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига 2019 йил 22-декабрда бўлиб ўтган сайловларнинг якунларига бағишланган давра суҳбатлари ўтказилмоқда.  

Аввал хабар берганимиздек, Марказий сайлов комиссиясининг 2020 йил 3-февралдаги Фармойишига асосан, Қорқалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда шу кунларда Марказий сайлов комиссияси томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига 2019 йил 22-декабрда бўлиб ўтган сайловларнинг якунларига бағишланган давра суҳбатлари ўтказилмоқда.  

Ана шундай тадбирларнинг навбатдагиси жорий йилнинг 12-февраль куни Пойтахтимизда жойлашган Миллий матбуот марказида бўлиб ўтди. Унда 2019 йилининг 22 декабрь ҳамда 2020 йилининг 5 январь кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига ўтказилган сайловларда Тошкент шаҳри ва пойтахт туманларида ташкил этилган сайлов жараёнида кузатилган ютуқлар, йўл қўйилган камчилик ва муаммолар,  аниқланган камчиликларни олдини олиш, кейинги сайловларни янада юқори савияда, очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик тамойиллари асосида ўтказиш бўйича янгича ёндошувлар асосида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

 

Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари Махмуд Истамов модераторлик қилган давра суҳбатида Тошкент шаҳар, туманлар, округ, участка сайлов комиссиялари фаоллари, сиёсий партиялар вакиллари ва депутатлар, маҳаллий хокимият органлари, бўлиб ўтган сиёсий жараёнга даҳилдор идора ва ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ўз фикр-мулоҳазаларини ўртага ташладилар.

Давра суҳбати модератори М.Истамов ўз нутқида, Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев, жорий йил январда бўлиб ўтган Олий Мажлисга Мурожаатномасида: “Яқинда, “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида бўлиб ўтган сайловлар натижасида республикамизда демократик ислоҳотларни юқори босқичга олиб чиқиш учун зарур бўлган янги сиёсий муҳит вужудга келди. Сайловлар очиқ-ойдин, халқаро стандартлар асосида ўтказилишини назорат қилиш учун 50 га яқин давлатдан ҳамда 10 та халқаро ташкилотдан 825 нафар кузатувчи иштирок этди. Биринчи марта Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг 316 кишилик тўлақонли миссияси билан яқин ҳамкорлик қилдик. Халқаро кузатувчилар сайловлар эркин рақобат муҳитида, сиёсий партиялар ўртасидаги қизғин тортишув ва баҳс-мунозаралар шароитида ўтганини, бу жараёнда оммавий ахборот воситаларининг роли сезиларли даражада ошганини алоҳида эътироф этдилар.

Биз албатта ушбу тавсияларнинг ҳар бирини чуқур ўрганиб, тегишли дастур қабул қилиб, амалиётга кенг жорий этамиз. Бу борада сайлов комиссиялари ва аҳолининг сайлов маданиятини юксалтириш, сиёсий партияларнинг ўз электорати билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, партияларнинг сиёсий фаоллигини ошириш олдимизда турган муҳим масалалардан биридир”, деб қайд этганлигини ва шу билан бўлиб ўтган сайловларга ўзларининг ижобий хулосаларини берганлигини мамнуният билан қайд этиб, мазкур сайлов жараёнининг фаол иштирокчилари бўлган давра суҳбати қатнашчиларини самимий муборакбод этди.

Шунингдек, қўлга киритилган тажриба, муваффақиятларни таъкидлаб ўтишга ҳожат йўқ, эътибор суст қаратилган жиҳатлар, йўл қўйилган камчилик ва хатолар хусусида фикрлашайлик, келгусида нималар қилмоғимиз керак – мана шу тамойил асосида давра суҳбатини ташкил этсак мақсадга мувофиқ бўлади, деди. Шу тариқа давра суҳбати турли-туман мулоҳазалар, таклифлар майдонига айланди.

Тадбир иштрокчилари томонидан қайд этилганидек, Сайлов кодексида Марказий сайлов комиссияси туман, шаҳар ва вилоят сайлов комиссиялари, округ ва учаска сайлов комиссияларинг ваколатлари белгиланган, бироқ комиссия аъзоларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар мавжуд эмас.  Навбатдаги бўлиб ўтадиган сайловларга қадар қонунчиликда уларнинг ваколатига оид нормаларни ҳам жорий этиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Қизғин бахс-мунозаралар асосида ўтган давра суҳбатида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда эришилган ютуқлар, камчиликлар ва дуч келинган муаммолар чуқур ва танқидий таҳлил қилиниб, келгусида сайловларни янада самарали ташкил этиш, аҳолининг ҳуқуқий билим ва маданиятини янада ошириш юзасидан фикр алмашилди. Аҳолининг сайлов маданиятини юксалтириш, сиёсий партияларнинг ўз электорати ва номзодлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, участка сайлов комиссиялари фаолиятини ташкил этиш, сайловчилар рўйхатини тузиш ва ҳисобини юритиш, комиссиялар аъзоларига иш ҳақи тўлаш, сайлов участкаларини жиҳозлаш, сайловларни молиялаштириш, сайловолди ташвиқотини олиб бориш, сайловчилар билан учрашувларни ташкил қилиш борасида кўплаб амалий таклифлар ва тавсиялар билдирилди.

Иштрокчилар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар сайлов қонунчилигини янада такомиллаштириш ҳамда кейинги сайлов жараёнларига тайёргарлик кўриш ва ташкил этиш бўйича мақсадли чора тадбирлар режасини ишлаб чиқиш учун Марказий сайлов комиссияси ишчи гуруҳи томонидан умумлаштирилади.

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати