• eye Version for the visually impaired
ХХI АСР ЎЙЛАРИ
06.03.2020
14669
Сўз эркинлиги буюк неъмат. Аҳли фикр учун бу сув билан ҳаводай азиз. Бу неъмат бизга берилди. Лекин биз бунга тайёрмизми, деб ўйлаб қоламан. Мен сўз эркинлигини катта масъулият сифатида тушунаман. Ўз сўзингни бу менинг сўзим деб айта олиш одамдан маънавий тайёргарликни талаб қилади. Одамнинг сўзи унинг ўзидир. Қолаверса,  мен энг яқин қўшним билан эркин ва бемалол гаплашаётганимда ҳам ҳар бир сўзим учун жавобгарликни ҳис этиб туришим керак. Бизда ички цензура билан маънавий назоратни адаштириш, аниқроғи, алмаштириб юбориш ҳоллари кўпайиб қолди. Тўғри, цензура қабоҳат, у фикрни ўлдиради, одамларни қулга айлантиради, жамиятни таназзул ва ғурбатга итқитади.

Сўз эркинлиги буюк неъмат. Аҳли фикр учун бу сув билан ҳаводай азиз. Бу неъмат бизга берилди. Лекин биз бунга тайёрмизми, деб ўйлаб қоламан. Мен сўз эркинлигини катта масъулият сифатида тушунаман. Ўз сўзингни бу менинг сўзим деб айта олиш одамдан маънавий тайёргарликни талаб қилади. Одамнинг сўзи унинг ўзидир. Қолаверса,  мен энг яқин қўшним билан эркин ва бемалол гаплашаётганимда ҳам ҳар бир сўзим учун жавобгарликни ҳис этиб туришим керак. Бизда ички цензура билан маънавий назоратни адаштириш, аниқроғи, алмаштириб юбориш ҳоллари кўпайиб қолди. Тўғри, цензура қабоҳат, у фикрни ўлдиради, одамларни қулга айлантиради, жамиятни таназзул ва ғурбатга итқитади. Лекин маънавий назоратсизлик ундан бадтар. Инсоний онг назорати бор. “Ҳамма нарса мумкин” деган чегарадан разолат ва жоҳиллик, бачканалик ва бемаънилик, керак бўлса,  худосизлик  бошланади. Ҳозир матбуотда ё телевидениеда буни нотўғри бераяпсиз, зарарли нарсани тарғибот қилаяпсиз десангиз, сизни ички цензурасидан енгилган одамга, ҳатто демократия душманига  чиқариб қўйишади. Лекин сўз эркинлиги экан, ҳамма нарса мумкин экан деб фашизмни ё беҳаёликни тарғиб қилиб бўлмайди-ку. Бу ҳақда бундан олти юз аввал ҳазрат Навоий айтиб қўйганлар: “Олдига келганни емоқ ҳайвоннинг иши, оғзига келганни демоқ нодоннинг иши.” Ҳолбуки, кейинги пайтларда оғзига келганни демоқ мода бўлаяпти. Ҳа удум эмас, айнан мода бўлаяпти. Ким кўп гапирса, оғзини йиртиб бақир-чақир қилса, бировнинг ёқасидан олиб бурнини қонатса, ўзидан сохта қаҳрамон ясаса, у демократ бўлиб қолмайди.  Хатарлиси, “фикр” ниқобидаги фитналар пайдо бўлаяпти. Бундай фитналар ўзини “мен эркин фикрман” деб бонг ураяпти ва баъзиларни чағитиб юбораяпти.   Ахмоқ одам учун сўз эркинлиги уруш ва жанжалдан бошқа нарса эмас. Оғзига келганни сермаса, ёмон кўрганини истаганича сўкса.

Шундай тоифалар пайдо бўлаяптики, улар учун цирк саҳнасида қилиқ кўрсатаётган маймуннинг ўйини ҳам,  фожиага учраб машинасида тириклай ёниб кетаётган бир одамнинг жон талвасаси  ҳам битта нарса: Томоша! Бу томошани тезда телефони камерасига тушириб олсалар-да, ҳаммага тарқатсалар, дунёни бузиб жар солсалар. Ана иш-у, мана иш! Кейин нима бўлади? Кейин ит ҳурса, булбул тўхтайди. Ижтимоий тармоқларда, экранларда айтишга тил бормайдиган хабарлар карнай-сурнай садолари остида  тарқатиляпти: ўйнаши билан келишиб эрини пичоқлаб ўлдирган хотин, ўз ўқитувчисини аямай калтаклаган ўқувчилар, ўз укасининг хотинига кўз олайтирган ака, ўйнашдан бўлган боласини ҳожатхонага ташлаб юборган бир бало ва ҳаказо, ва ҳаказо. Ёмони бундай хабарларни айтаётган тўтиларнинг тилида дард эмас, завқу шавқ кўпчийди, гўё оламшумул кашфиётни эълон  қилаётгандай. Гўё бутун ҳаёт шундай иллатлардан иборатдай. Дарҳақиқат, “Иллат излаганга иллатдир дунё!”. Ахир, булар ҳаётда бўлаётган воқеалар-ку, одамларни бундай ишлардан хабардор қилиш керак-ку, дерсиз. Лекин ёмон хабарни бундай етказмайдилар. Асло! Қолаверса, бир нарса аниқ:

     Кўз ўрганаверса, қотиллик ҳам мудҳиш жиноят саналмай қолади.

    Кўз ўрганиб қолса, фаҳш ҳам оғир гуноҳ бўлмай қолади.

    Кўз эса кўп нарсани ҳаётдан эмас, экрандан ўрганаяпти.

    Экран ҳаётни кўздан ҳайдаб чиқаряпти.

Менинг назаримда, ҳар қандай жамиятда, ҳатто у жаннат даражасига етган жамият  бўлса ҳам маънавий назорат, маънавий тақиқлар бўлиши керак.  Чунки, маънавий назорат  Худо ва Имон билан боғлиқ бир ишдир.

Инсон ҳуқуқи буюк тушунча. У ҳамиша башариятнинг диққат марказида бўлиши, ҳимоя қилиниши, азиз ва мукаррам тутилиши шарт. Лекин Инсон ҳуқуқи ниқоби остида баъзан инсон аблаҳлиги ва ахлоқсизлиги ҳам яшириниб олаяпти ва ўзини ҳимоя қилаяпти. Бугунги кунда бир жинсли никоҳни ҳам, кўчада қип яланғоч юришни ҳам, кекса отани қариялар уйига олиб бориб ташлашни ҳам, эл олдидаги шармандалигу шаллақиликни ҳам ҳар кимнинг ўзининг хоҳиши, ҳар кимнинг ўзининг ҳуқуқи деган гап билан андавалаш мумкин бўляпти. Бу эса, дунёни бузмоқчи бўлганларга, ҳаё бузғунчиларига қўл келади. Инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш дегани инсонийликдан ташқаридаги ҳолатларни ҳимоялаш дегани  эмас-ку.

Нега бундай бўлаяпти,  деб ўйга толасан. Нега биз азиз тутган туйғулардан дарз кетаяпти? Маънавиятнинг азалий олтин қоидалари эскириб қолдимикин? У ҳолда шу тутумларни маҳкам тутган ва авайлаб бизга омонат қолдирган боболарга нима деймиз? Кечирасизлар, бу бизга тўғри келмади, омонатингиз ўзингизга сийлов деймизми? Энди саккиз яшар болакайга бобоси ва бувисининг меҳр тўла кўзларидан кўра қўлидаги телефоннинг юзи қизиқарли эканини ХХI асрнинг мўъжизаси сифатида изоҳлаймизми?

Оммавий маданият таъсирими, интернет, кино ё ТВ таъсирими кейинги даврда биз мутолаа маданиятидан жудо бўлиш даражасига етиб келдик. Ҳолбуки, айни шу мутолаа маданияти бизнинг маънавий устунларимизни сақлаб келаётган эди. Мутолаа маданиятидан жудо бўлиш ҳамма маданиятдан мосуво бўлишдир. Хайриятки, бу масалага Президентнинг шахсан ўзи эътибор қаратди. Китоб билан юзма-юз келиш инсоннинг ўз-ўзи билан юзма-юз келиши, ўз-ўзини тафтиш этишидир. Ўз-ўзини тафтиш қилмаган одам ривожланмайди. Одам ривожланмаган жойда жамият ҳам ривожланмайди.

Ижтимоий тармоқлар “мажбурий обуна” деб билиб-билмай бонг урди. Тўғри, олди-қочди билан кун кўраётган савиясиз нашрлар бисёр, уларга обуна қилиш учун ҳар хил найранглар ҳам бўлган бўлиши эҳтимолдан кўра ҳақиқатга яқин. Лекин бу жараёнда ҳўлу қуруқ баравар ёнмаслиги керак эди. Ўзбек маданияти, миллий тафаккури, миллий руҳини тарғиб қилиб келаётган нашрлар ҳам бор-ку. “Тафаккур” журналига обуна бўлинг, уни ўқинг!” дейиш Абдулла Қодирийни, Ойбек ва Миртемирни ўқинг дегани эмасми? “Жаҳон адабиёти”га обуна бўлинг, уни ўқинг!” дейиш Лев Толстойни, Гётени, Чингиз Айтматовни ўқинг, дегани эмасми? “Маънавий ҳаёт” журналини ўқиш миллий маънавиятимиз, миллий руҳимиз асосларини яхши билиш учун ҳаракат дегани эмасми? “Ёшлик” журнали ўзбек адабиётининг бугунги манзараларини намоён этмайдими?  Бундай журнал ва газеталаримиз кам эмас-ку. Уларни ҳам хас-хашаккка қўшиб ёқиб юбориш нотўғри-ку. Ҳадеб мажбурий обуна дея дўмбира чалаётганлар танганинг иккинчи томони ҳақида ҳам ўйлаб кўришса бўларди. Мен Қизириқ туманига борганимда ҳамроҳларим бир кекса ўқитувчининг уйига олиб боришди. Ўқитувчи менга хонасини кўрсатди. Хонасида ўтган асрнинг 70 йилларида чиққан ”Шарқ юлдузи”, “Фан ва турмуш”, “Муштум”, “Гулистон” каби газета ва журналлар тахланиб турарди. Бу тахламлар орасидан, ҳатто “Ёшлик” журналининг Эркин Воҳидов чиқарган илк сонини топса бўларди. Мен бу кекса ўқитувчининг ҳурмат эътибори қайдан эканлигини бирдан тушундим.  Ўқитувчи ҳам ўқувчиларга дарс ўтиш жараёнида бу журнал газеталарнинг қанчалар асқотгани ҳақида гапирди.

Хуллас, бугунги глобаллашув замонида миллий маънавиятнинг ҳимояга эҳтиёжи қай даражада бўлса, унга хизмат қиладиган савияси баланд нашрларники ҳам шу даражада.

Ёшларнинг каттагина қисми китоб ё журналдан эмас, интернетдан ўқийди. Интернетда эса енгил-елпи ёзғувчилар кўп, ҳар хил шеърлар-у, ҳикоялар, лавҳалар мўл, ҳатто вагон-вагон.  Истаган қаламкаш калласига келган нарсани унга қўйиши мумкин. Жўқивойларнинг куни туққан. Балки, сиз “Енгил-елпими, бошқами ёшлар ўқияптими, гап шунда-ку”, дерсиз. Бироқ енгил-елпиликка, жўн томошаларга ўчлик мутолаа эмас-да. Бундай ҳолатда қалб меҳнатга эмас, дангасалик, танбаллик ва бачканаликка ўрганади. Ҳар қандай нашр ё оммавий ахборот воситаси омманинг онгини кўтаришга хизмат қилиши керак, бор савияни ҳам йўқ қилишга эмас.

Мен бугун пайдо бўлаётган “интернет адабиёти”ни кузата туриб, биттагина сўз, биттагина вергул  устида ҳафталаб бош қотирган адиблар ва шоирлар ҳақида ўйлайман. “Анна Каренина”дай романни саккиз марта қайта ишлаб кўчириб чиққан ўша қайсар чол (Толстой) ҳақида, “Манас”ни тилимизга таржима қилаётиб, битта қадимий қирғиз сўзининг аниқ маъносини билиш учун ўз ҳисобидан  ҳозирги Бишкекка учиб борган, у ердаги олимлар билан учрашиб, уларнинг берган маълумотларидан ҳам қониқмагач, қирғиз овулларига чиқиб кетиб,  қариялар билан гурунглашиб, ўша сўзнинг асл маъносини топган  танти “сўз деҳқони” (Миртемир) ҳақида, қоғоз қоралаётиб, бутун бошли саҳифани тўлдириб, охирида бир сўзни таҳрир этиш учун саҳифани яна қайта бошдан кўчирган, яна бир сўз ўзгарса, яна бир бошдан кўчираверган собит ёзувчи (Абдулла Қаҳҳор) ҳақида, битта достонини 60 йил ёзган жаҳон классиги (Гёте) ҳақида ўйлаб қоламан. Адабиёт осон  яралиши мумкин эмас. Олди-қочди, енгил-елпи, сохта шуҳрат эрмакларини қанча пеш қилмасинлар адабиёт бўлмайди.  Сўзга садоқат билан сўз сотувчилиги ўртасида  олтин ва кесак ўртасидагича фарқ бор.

Ҳолбуки, ёшларга ҳар куни минглаб маълумотларни пеш қилаётган ижтимоий тармоқларнинг тилига чидаб бўлмайди. Баъзи сайтлар фақат тилни бузиш учун хизмат қилаяпти. Тилни бузиш дегани миллат тафаккурини бузиш дегани!

Баъзан хусусий телеканалларда кўриб қоламан, қандайдир эстрада хонандаси  чиқиб, оммавий маданиятга қарши гапиради. Сўнг ижро этган қўшиқлари билан оммавий маданиятни тарғиб қилади. Буни қандай тушуниш керак? Кимдир тилида фашизмни ёмонласа-да, лекин ўзи фашизмга хизмат қилса, мулойимгина хоинлик эмасми бу?  Эстрада қўшиқларидаги бачканалик, бемаънилик, расвогарчиликка қарши қанча кўп гапирилса, бу иллатлар шунча урчиб кетаяпти. Уларни танқид қилсангиз, маза қилишадими-ей, куйиниб гапирсангиз, устингиздан кулишадими-ей. Қўшиқлар матнидаги бемаънилик ҳақида қанча мақолалар  эълон қилинди. Бадтар бўлди. Қўшиқдаги матн бемаъними, бас, бемаънилик тарғибот қилиняпти, минг-минглаб ёшлар йўлдан урилаяпти. Эртасига қарасангиз ўша хонанда ундан ҳам бемаъни қўшиқни айтиб ликонглаб экранда пайдо бўлаверади. Ириган оғиздан чириган сўз чиқар деганларидай бемаънилик кетидан яна бемаънилик. Оқибатда, 7 ёшдан 25 ёшгача бўлган ёшлар қатлами худди шу иллатлар таъсирига тушиб қолган.  Алам қиладигани, бир ё икки кишига эмас, юз ё минг кишига эмас, бутун бир миллатга етказаётган маънавий зарари учун бундай кимсаларга ҳеч қандай жазо йўқ. Аксинча, кўза синдирган азиз.

Кейинги пайтларда миллий ғоя масаласида кўп фикрлар айтилаяпти. Дарҳақиқат, миллат қалбидан етилиб чиққан асл ғоя кўп касофатларнинг олдини олади, элни бирлаштиради, қаддини кўтаради. Фақат бир зарур жиҳатга эътибор қаратиш керак. Ҳар қандай ғоя фикр шаклида пайдо бўлади. Сўнг информация  шаклида тарқатилади. Лекин бу икки ҳолда ҳам ғояни оммага сингдириб бўлмайди. Сув шарқираб ўтиб кетиб, ерга сингмаса, уруғ унмайди, мабодо бир қисм уруғ униб қолгандаям, барибир ривожланмайди.  Одамларга сингмаган ғоя ҳам шу кабидир.

Хўш, ғояни  сингдириш учун нима қилиш керак?

Ғоя фақат бадиий йўл билан сингдирилади. Шу боис “Қуръон”, “Инжил” китоблари  одамзотга бадиий шаклда туширилган, информация шаклида эмас.

Бизда эзгу ғоялар кўп. Ватанимиз азалдан эзгу ғоялар ватани. Лекин улар  одамларга бадиий сингдирилмаса, қуруқ гап бўлиб қолаверади.  Кейинги пайтларда бу борада бақириқлар, қайтариқлару навбатчи гаплар кўпайиб бораяпти. Таълим соҳасида ҳам бадииятнинг ўз ўрни бўлмаса, бундай таълимнинг таъсир кучи суст бўлади. Миллий ғоя ҳақида гап кетганда, аввало у сув ичаётган қадимий илдизларни илғашимиз керак ва шулардан фойдаланишимиз шарт. Одамларнинг қон-қонига сингиб кетган қадриятлар ва амаллар, имон-эътиқод туйғулари, миллий заминда муқаддас саналган инсоний бурч ва вазифалар маънавий устунларимиздир.

Мен эл орасида жуда оддий одамларни кўрганманки, улар ўзлари суянган ғояларни ниҳоятда азиз тутадилар. Улар қалби ва тафаккурининг таянчи бўлган бу ғоя ҳақида кўп гапирмайдилар, минбарларга чиқиб бақирмайдилар, лекин шу ғоя билан яшайдилар, жонидан кечса ҳам, авлодма-авлод ўтиб келаётган ғоядан кечмайдилар. Бундай одамларнинг отасининг қабрига биров тегиб кўрсин-чи ё номусига шикаст етказадиган  бирор гап гапириб кўрсин-чи. Улар буни Ватанни ҳақорат қилиш билан баробар деб ҳисоблайдилар. Шунда унинг ичидаги ғоя буюк бир қурол каби ишга тушади. Улар ватанпарварлик ҳақида кўп гапирмайдиган ватанпарварлар. Миллатнинг бутунлигини сақлайдиган  куч миллий ғоядир.

ХХ1 аср кўп имкониятлар баробарида кўп муаммоларни ҳам олдимизга кўндаланг қўймоқда. Энди буёғи ақл-фаросат, билим ва имонга боғлиқ. Хуллас, гаплашадиган гапларимиз кўп.

Эшқобил ШУКУР

                     (Манба: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 10.01.2020 йил).