• eye Version for the visually impaired
ВАТАНГА ЭҲТИРОМ ВА САДОҚАТ ИФОДАСИ
14.04.2020
2489
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунини имзолади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунини имзолади. 

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинган кун - 21 октябрь санасининг «Ўзбек тили байрами куни» деб эълон қилиниши мамлакатимизнинг янги тарихи, янги тараққиёт босқичида амалга оширилаётган буюк ислоҳатларнинг юксак самараси, мустақил Ватанамиз ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, маданий, маънавий ҳаётидаги улкан воқеадир.

Ушбу муҳим ташаббус давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 21 октябрь куни қабул қилинган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ўз ифодасини топган эди.

Ўзбек тили ўзининг қадимий ва бой тарихида ҳеч қачон давлат ва жамиятнинг бугунгидек юксак эъзоз-эътибори ва ғамхўрлигига сазовор бўлмаган. Бу «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» дадил қадам қўйган Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг юксак самараларидандир.
 

Ушбу фармонга биноан она тилимизнинг истиқболдаги тараққиётига оид кўплаб масалалар қаторида, Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш бўйича алоҳида департамент, бу янги тузилма ташаббуси билан эса  Атамалар комиссияси ташкил этилганининг ўзи фикримизнинг яққол далилидир.

Фаолияти миллий тилимизнинг софлигини сақлаш, унинг луғат бойлигини ошириш, барча соҳаларда замонавий атамаларнинг ўзбекча муқобилларини яратиш, бир хил қўлланишини таъминлашга доир ғоят долзарб вазифаларга қаратилган мазкур комиссия ўз ишини жадал бошлаб юборгани сезилди.  
 

Айни пайтда, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 январдаги қарори билан барча давлат органлари, вазирликлар ва уларга тенглаштирилган ташкилотларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими ташкил қилинди. Бошқача айтганда, энди давлатимизнинг қуйи ташкилотларда ҳам давлат тилига оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши бўйича масъул ваколатли вакиллари бор. Уларнинг зиммасига кўплаб юксак вазифалар қаторида жумладан, жойларда «Ўзбек тили байрами куни» айёмини юксак савияда ташкил этиш ҳам юклатилган. Бундай ташкилий, ҳуқуқий ва илмий-ижодий ишлар изчил давом эттирилмоқда.
 

Бир мисол. Илгари оммавий ахборот воситаларида давлат тилига оид материаллар – мақолалар, кўрсатув ва эшиттиришлар онда-сонда, кўпинча 21 октябрь арафасида, пайдо бўлиб қолар, кейин йил-ўн икки ой гўё унутилар эди.

Энди бу иш ҳам мунтазамлик касб этаётгани яққол сезилмоқда. Хусусан, “Янги Ўзбекистон” газетасида махсус рукин очилиб, ранг-баранг мақолалар мунтазам бериб борилаётгани ва улар қўлма-қўл ўқилаётгани, бошқа кўплаб нашрларда, ижтимоий тармоқларда кўчириб босилаётгани, бахс-мунозаралар қўзғатаётгани, жамоатчилкнинг кенг эътирофига сазавор бўлаётгани қандай яхши!
 

Мустақил мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари ва дипломатик ваколатхоналари қошида  “Ўзбек тилининг дўстлари” клубларини ташкил этишга киришилгани ҳам давлат тилини ривожлантириш ва халқаро миқиёсда тарғиб қилиш масалаларига юксак эътиборнинг амалдаги яна бир ифодасидир.

“Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонуннинг айнан 10 апрель - халқимиз эрки ва озодлиги йўлида жон фидо этган   буюк адиб, ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий туғилган кунда имзоланишида ҳам катта ҳикмат ва маъно бор. Бу - она тилимизнинг имкониятларини осмон қадар юксалтирган сўз санъаткорига юксак ихтиром белгисидир.
 

Ўзбек тили байрами она тилимизни шарафлаш, унинг қаддини ва қадрини  янада юксалтириш айёмидир. Айни пайтда ушбу байрам ўзбек тилини ўқиб ўрганиш, тарғиб қилишдан чарчамайдиган, унинг софлиги, бойлиги ва нуфузини янада юксалтириш учун қайғурадиган, курашадиган ҳар бир инсоннинг байрамидир. Ер юзида ўзбек тилида сўзлашадиган қарийб 50 миллион кишининг байрамидир.  

Янги байрамимиз давлат тилининг Ўзбекистонда яшаётган барча  миллатлар ва элатларнинг севимли тилига, маънавий эҳтиёжига, фахр-ифтихорига, Мустақиллик, Наврўз айёмлари сингари умумхалқ байрамига айланишига шубҳа йўқ.      
 

Фармонда таъкидланганидек, истиқлол йилларида она тилимиз том маънода давлат тилига айланиб, халқимизни юртимизда эркин ва озод, фаровон ҳаёт қуришдек буюк марраларга сафарбар этадиган беқиёс куч сифатида майдонга чиқди. Мамлакатимиздаги юздан ортиқ миллат ва элат вакилларини ўзаро боғлайдиган, бирлаштирадиган меҳр-оқибат тилига айланди.

Давлат тили сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланмоқда. Эндиги масала унинг қўлланиш кўламини янада кенгайтириш, халқаро нуфузини янада оширишдан иборатдир.

Президентимиз ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги тарихий нутқида таъкидлаганидек, “бунинг учун ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим.

Бу олижаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак”.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда мазкур йўналишда амалга оширилаётган улуғвор ишлар нафақат юртимиз, балки халқаро ҳамжамиятнинг ҳам кенг эътибор ва эътирофига сазовор бўлмоқда.  
 

Буни Ўзбекистоннинг миллий сайлов тизимига давлат тилини кенг ва фаол жорий этиш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин. 2019 йили сайловларни ўтказиш борасида истиқлол йилларида орттирилган бой миллий тажриба, халқаро меъёр ва андазалар асосида ишлаб чиқилиб, умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига мос, лисоний жиҳатдан пишиқ-пухта, ихчам ва яхлит шаклда қабул қилинган Сайлов кодекси буннинг ёрқин далилдир.

2019 йилнинг 22 декабрида “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтган Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашлар сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида бу ўзининг яққол ифодасини топди.

Президентимиз алоҳида таъкидлаганидек,  ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим”.

“Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши тарихий адолатнинг тикланиши, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларининг мустаҳкамланиши ва Ватанимизнинг янада гуллаб-яшнашида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Қулман ОЧИЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси

 раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси.

 

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси.

              2020 йил 14 апрель.