• eye Version for the visually impaired
COVID-19 пандемияси даврида бўшаб қолган ўринларга депутатлар сайловини ўтказиш тартиби муҳокама қилинди
26.08.2020
1742
Маълумки, Короновирус пандемияси оқибатида бутун дунёда кутилмаган муаммолар юзага келмоқда. Таъбир жоиз бўлса инсоният кўзга кўринмас бало билан курашмоқда.

Маълумки, Короновирус пандемияси оқибатида бутун дунёда кутилмаган муаммолар юзага келмоқда. Таъбир жоиз бўлса инсоният кўзга кўринмас бало билан курашмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра дунё бўйича 24 061 215 нафар инсонлар вирусга чалинган, шундан 16 608 597 нафари соғайган, 823 513 нафари вафот этган.

Жумладан, мамлакатимизда ҳам 39 664 нафар инсон касалликка чалинган, 35 983 нафари соғайган, 287 нафари вафот этган. Пандемия  барча соҳаларга салбий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, сайлов жараёнлари билан боғлиқ муносабатлар ҳам бундан мустасно эмас.

Статистик маълумотларга кўра ҳозирга қадар Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 1 нафар, Сенатда 5 нафар,  маҳаллий Кенгашларда жами 109 нафар, шундан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари бўйича 24 нафар, туман ва шаҳар Кенгашлари бўйича 85 нафар депутатлик ўринлари турли сабабларга кўра бўшаган.

Шу сабабли ҳудудий сайлов комиссияларидан бўшаб қолган ўринларга сайловларни ўтказиш масалалари юзасидан Марказий сайлов комиссиясига бир қатор мурожаатлар келиб тушмоқда.

COVID-19 пандемияси даврида  бўшаб қолган депутатлик ўринларига сайловларни ўтказишда сайловчилар ва сайлов ташкилотчилари касаллик юқтириб олишининг олдини олиш мақсадида сайлов тадбирларини санитария-эпидемиологик ва тиббий нуқтаи назардан хавфсизлик талабларига тўла амал қилган ҳолда ўтказиш лозим.

Шу мақсадда жорий йилнинг 26 август куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси видеоконференция шаклида ўтказилди.  Мажлис кун тартибидан “COVID-19 пандемияси даврида бўшаб қолган ўринларга депутатлар сайловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом”ни тасдиқлаш тўғрисидаги қарор ўрин олди.

Унда Марказий сайлов комиссияси аъзолари, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссияси раислари, Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар сайлов комиссияларининг раислари ва котиблари, Короновирусга қарши кураш бўйича ҳудудий махсус комиссиялари раисининг ўринбосарлари - вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиқлари, сиёсий партиялар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи, вилоят, шаҳар, туман молия бошқармаси, уларнинг бўлимлари вакиллари ва бошқа масъуллар иштирок этдилар.

Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов томонидан қайд этилганидек, ушбу Низомни ишлаб чиқиш жараёнида Корея, Сингапур, Россия, Ҳиндистон, Белоруссия, Жанубий Америка давлатларида бўлиб ўтган сайловлар жараёнлари, уларда қўлланилган амалий тажриба чуқур ўрганилди.

Икки марта халқаро вебинарда Марказий сайлов комиссияси аъзолари иштирок этиб пандемия шароитида сайловлар ўтказган мамлакатлар сайлов комиссиялари билан мулоқот ўтказдилар.

Бўшаб қолган ўринларга ўтказиладиган сайловларда иштирок этадиган юртдошларимизнинг саломатлигини муҳофаза қилган ҳолда сайловларни хавфсиз, сайлов қонунчилигимиз талабларига тўла риоя қилган ҳолда очиқ ва ошкора ўтказиш зарур.

Маълумки, 2020 йил 29 январь куни Президентимизнинг Ф-5537-сонли  “Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонига асосан Республика комиссияси ҳамда ҳудудларда ҳудудий комиссиялар тузилган.

Ҳудудий комиссиялар томонидан Короновирус касаллигини олдини олиш ва касалланган беморларни даволаш бўйича кенг қамровли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда Бўшаб қолган ўринга Сайловни ўтказиш муддатини белгилаш ҳақидаги қарор Ҳудудий (шаҳар, туман) махсус комиссияси вакиллари иштирокида муҳокама қилиниши ва сўнгра қабул қилиниши белгиланмоқда.

Сайловни тайинлаш ҳақидаги қарор қабул қилинишидан аввал ушбу сайлов округи ҳудудининг эпидемиологик харитаси ишлаб чиқилади ҳамда   махсус комиссиясининг хулосаси олинади. Эпидемиологик ҳолат ҳақидаги хулосага кўра сайловни ўтказиш мақсадга мувофиқ эмас деб топилса, сайловни ўтказиш муддатини белгилаш эпидемиологик осойишталик юзага келгандан сўнг кўриб чиқилади.

Муддатидан олдин овоз бериш 5 кун қолганида бошланиб сайловга бир кун қолганида якунланади.

Сайлов бюллетенлари дезинфекция қилинади ва махсус кийимлар билан ҳимояланган  ҳолда етказилади.

Овоз бериш биносини дезинфекция ишлари овоз беришгача ва ундан сўнг ҳам амалга оширилади. Овоз бериш биносини дезинфекция қилиш ишлари сайлов куни овоз бериш бошлангунга қадар камида 6 олти соат олдин амалга оширилади. Овоз бериш биноси овоз бериш якунлангандан сўнг дарҳол дезинфекция қилинади. Дезинфекция даврини қисқартириш учун тунги вақтда дезинфекция қилинади.

Овоз бериш биноси дезинфекция қилинганидан сўнг ушбу бинога овоз бериш вақтигача кириш таъқиқланади.

Сайловчилар сайлов участкасига тиббий ниқоб таққан ҳолда етиб келади ва сайлов биносига киришдан олдин участка сайлов комиссияси томонидан берилган янги ниқобга алмаштиради, ишлатилган ниқобни махсус идишга ташлайди. Сайлов участкасига киришида сайловчиларнинг оралиқ масофаси камида 2 метрни ташкил қилиши шарт.

Овоз бериш хонасига киргунга қадар сайловчиларнинг ҳарорати ўлчанади, уларнинг қўлларига дезинфекция қилувчи суюқлик сепилади ва ҳар бирига тиббий  (винил, латекс) қўлқоплар берилади. Тана ҳарорати 37 градусдан юқори бўлган ҳамда касаллик аломатлари бўлган сайловчилар овоз бериш биносига киритилмайди.

Сайловчи сайловчилар рўйхатига имзо қўйишида, сайлов бюллетенини олиш ва унга белги қўйишида албатта қўлида тиббий қўлқопи бўлиши шарт.

Сайлов комиссияси аъзоларига ушбу ҳимоя воситаларидан фойдаланиш тартиби бўйича махсус ўқув семинарларида тушунтириш ишлари ўтказилади.

Мамлакатимизда маҳаллий Кенгашлар депутатларининг  минтақавий муаммоларни ҳал этишдаги роли тобора ортиб бормоқда.  Буни айниқса Олий Мажлис Сенатининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси устидан депутатлик назоратини кучайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ижросидаги иштирокидан кўришимиз мумкин.

Айни пайтда Короновирус COVID-19 пандемияси давом этар экан, нафақат сайлов жараёнида, балки кундалик турмушимизда санитария қоидаларига қатъий риоя қилишимиз шарт.

Муҳокамага киритилган қарор Пандемия шароитида  сайловчиларимизнинг саломатлигини муҳофаза қилган ҳолда сайловларни беталофат ўтказишга қаратилганлигини яна бир бор таъкидлаш ўринли. Мазкур қарорда белгиланган қоидалар сайловчиларимизнинг саломатлигини муҳофаза қилишга хизмат қилади.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати