• eye Version for the visually impaired
Дунёнинг бир қатор Сайлов органлари вакиллари Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциациясининг онлайн ўқув курсларида иштирок этдилар
29.10.2020
1502

2020 йилнинг  20 октябрдан 28 октябргача Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциациясининг (А-WEB) сайлов бошқаруви салоҳиятини ошириш дастури асосида "Ижтимоий тармоқлар ва сайловларни бошқариш органлари" мавзусида  онлайн ўқув курслар  ташкил этилди. Онлайн ўқув курси ташкилотчиси - Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси (А-WEB) ҳисобланади.

Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси - 2013 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда 105 мамлакатдан 110 дан ортиқ аъзо ташкилотларга эга бўлган дунёдаги сайловларни бошқариш органларининг энг йирик уюшмаларидан бири ҳисобланади.

Дунё бўйлаб сайлов демократиясини мустаҳкамлаш мақсадида А-WEB демократик сайловларни бошқариш ва сайлов жараёнларининг сўнгги тенденциялари, муаммолари ва ўзгаришларини аниқлашга, сайловларни бошқариш органлари ўртасида тажриба алмашишга кўмаклашади.

Ўқув курсининг мақсади – А-WEBга аъзо мамлакатлар сайловларини бошқаришга қаратилган таълим дастурига мувофиқ сайлов жараёнларида оммавий ахборот воситаларининг ўзгарувчан роли ва имкониятларига, бунинг натижасида  келиб чиқадиган муаммолар ва ечимларга қаратилди. 

Ўқув курслари Корея демократик фуқаролик таълими институти, Корея Республикасининг Миллий Сайлов Комиссияси ва Корея ривожланиш стратегияси институти мутахассислари томонидан олиб борилди.

Онлайн ўқув курслари иштирокчиларга маърузачилар томонидан “Корея Миллий Сайлов Комиссиясининг ижтимоий тармоқлардаги фаолияти”, “Ҳаракатлар режаси дастури”, “Дизинформация (бехабарлик)”, “Ижтимоий тармоқлар ва сайловларнинг яхлитлиги”, “Интернет-сайлов янгиликларини муҳокама қилиш комиссиясининг жавобгарлиги”, “КМСК сайловлар бўйича кибер жиноятчилик марказининг роли” мавзуларида машғулотлар ўтказилди.

Корея Республикасининг Миллий сайлов комиссияси вакили Ким Су-Ён  томонидан қайд этилганидек, Миллий сайлов комиссиясининг асосий функцияси сайловларни бошқариш (номзодларни рўйхатдан ўтказиш, овоз бериш, ҳисоблаш ва бошқалар), сайлов жараёнлари билан боғлиқ қонунбузилишларини аниқлаш (суриштирув, тергов, жавобгарликка тортиш ва бошқалар), сайловчилар фаоллигини таъминлаш (турли хил оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда сайловчилар фаоллигини ошириш учун реклама бериш, ташвиқот тадбирларини ўтказиш) каби жараёнларда намоён бўлади.

Корея Республикасининг Миллий сайлов комиссияси вакили Ти сун Парк (Tea –soon Park) ижтимоий тармоқлар ва сайловни тартибга солувчи органлар учун харакатлар режасини тузиш ва унинг устида ишлашда аҳамиятли бўлган жиҳатларга тўхталиб ўтди. Таъкидланганидек, ҳаракатларни ўрганиш бир вақтнинг ўзида ҳам якка ҳам жамоавий равишда маълум бир муаммо устида ишлаш, ечим излаш, чора кўриш жараёнларини ўз ичига олади. Бу нафақат "ўтириш ва тинглаш" машғулоти, балки инсонларнинг ўз иш жойларида турган ҳолда тўғридан-тўғри йўналтирилган фикр ва ғояларни амалга ошириш жараёнидир.

Онлай ўқув курсларида Корея, Фиджи, Камбоджа, Папуа-Янги Гвинея, Соломон ороллари ҳамда Ўзбекистон  Республикасининг сайлов органлари Матбуот хизмати вакиллари  иштирок этди.

Онлайн ўқув курси иштирокчилари курс давомида сайловларни бошқариш жараёнида оммавий ахборот воситаларидан самарали фойдаланиш стратегияларини ишлаб чиқиш йўлларини ўргандилар. Ўқув курси якунида барча иштирокчиларга сертификатлар берилди.