• eye Version for the visually impaired
КОНСТИТУЦИЯ БЕРГАН ИМКОНИЯТ: БУЮК ЮКСАЛИШ
02.12.2020
1798
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кўлами кенг, шиддати баланд, натижадорлиги юксак демократик ўзгаришларни кўриб, буларнинг барчаси халқимиз манфаатларини изчиллик билан таъминлаш, Ватанимизнинг халқаро нуфузини янада ошириш йўлида узоқни кўзлаб юритилаётган оқилона сиёсатнинг ҳаётдаги самаралари эканига ҳар қандай киши амин бўлади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кўлами кенг, шиддати баланд, натижадорлиги юксак демократик ўзгаришларни кўриб, буларнинг барчаси халқимиз манфаатларини изчиллик билан таъминлаш, Ватанимизнинг халқаро нуфузини янада ошириш йўлида узоқни кўзлаб юритилаётган оқилона сиёсатнинг ҳаётдаги самаралари эканига ҳар қандай киши амин бўлади.

 

Ўз тараққиётининг мутлақо янги босқичига дадил қадам қўйган ва залворли одимлар ташлаётган  Янги Ўзбекистондаги Янги уйғониш - Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдеворини барпо этишга изчил киришилгани халқимизнинг руҳини янада кўтариб, келажакка бўлган ишончини мустаҳкамламоқда.  

 

Бундай муваффақиятларнинг негизида шу кунларда халқимиз йигирма саккиз йиллик шонли байрамини нишонлаётган миллий Конституциямизда ўз ифодасини топган энг юксак ғоялар, демократик тамойиллар, эзгу мақсадлар, орзу-интилишлар мужассамдир.

Ҳар томонлама пишиқ-пухта ўйланган ва умумэътироф этилган халқаро демократик стандартлар талабларига тўлиқ жавоб берадиган Асосий Қонунимизнинг яратилиши, нафақат халқимиз ҳаётидаги улкан сиёсий,  ижтимои-ҳуқуқий воқеа,  балки халқаро аҳамиятга молик йирик оламшумул ҳодиса ҳамдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев алоҳида таъкидлаганидек, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси  халқимиз сиёсий тафаккурининг ноёб намунасидир.

 

Масъулиятли жараён

Бугун, шу шонли байрам арафасида, Конституциямизнинг яратилиш тарихига назар ташлаш ўринли бўлади. Ўтган асрнинг 90-йиллари халқимиз учун нақадар таҳликали ва суронли давр бўлгани маълум. Шундай мураккаб шароитда халқимизнинг асрий орзуси бўлган Ватанимизнинг давлат суверенитети ва мустақилиги сари, истиқлолимизнинг ҳуқуқий асосларини яратиш ва мустаҳкамлаш йўлида ғоят дадил қадамлар қўйилган эди.

Бундай муҳим тарихий воқеаларнинг солномаси  1990 йилнинг март ойидан бошланади.  Ўн иккинчи чақириқ Олий Кенгашнинг биринчи сессиясида Президентлик лавозимига асос солиниб, давлат рамзларига оид масала муҳокама қилинди. Мустақил Ўзбекистоннинг ўз миллий Конституциясини яратиш ғояси ҳам илк бор ана шу сессияда илгари сурилди.

Республика Парламентининг 1990 йил 21 июндаги сессиясида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов раислигида давлат арбоблари, депутатлар, мутахассислардан иборат 64 нафар аъзони бирлаштирган Конституциявий комиссия тузилди.

Адлия вазирлиги Конституция лойиҳасини тайёрлаш бўйича ишчи орган этиб белгиланди. Мазкур вазирликнинг ўша пайтдаги раҳбарларидан бири бўлганим,  Асосий Қонунимизнинг дунёга келиши билан боғлиқ тарихий жараёнларда бевосита иштирок этганим учун ўтмиш воқеаларни бугун фахрланиб хотирлайман.

Конституция – барча миллий қонунлар учун асос бўладиган, давлатнинг ҳуқуқий мақомини белгилайдиган муҳим ҳужжат. Шу боис уни яратиш осон кечмаслиги табиий эди. Боз устига, ўша кезларда бизда қонунчилик билан шуғулланувчи алоҳида институтлар бўлмагани, миллий тажриба ҳали шаклланмагани ҳам сир эмас.

Бу мураккаб ва масъулиятли жараёнда академик билимларни чуқур эгаллаган атоқли ҳуқуқшунос олимлар, файласуфлар, амалиётчилар тажрибаси нақадар асқотгани хотирамда. Шавкат Ўразаев, Анвар Аъзамхўжаев, Ҳожиакбар Раҳмонқулов сингари забардаст олимларимизнинг бой тажрибаси, юксак салоҳияти Бош қомусимизнинг лойиҳасини таёрлашда ғоят қўл келган.

 

Тайёрланган лойиҳани  такомиллаштириш бобма-боб, моддама-модда, сўзма-сўз аввал ишчи гуруҳ, кейин Конституциявий комиссия аъзолари томонидан, сўнг икки марта матбуотда чоп  этиш орқали умумхалқ даврасида кенг муҳокама қилинганининг ўзи нақадар улкан ҳажмдаги ишлар бажарилганини англатиб турибди.

Муқаддас тимсол

Қайт этилганидек, Ўзбекистон  Конституцияси лойиҳаси бир эмас, икки маротаба - 1992 йилнинг сентябрь ва ноябрь ойларида умумхалқ муҳокамасидан ўтказилиб, кенг жамоатчилик, халқимиз илгари сурган таклифлар, ғоялар ва фикр-мулоҳазалар билан бойитилди. Умумхалқ муҳокамаси жараёнида олти мингдан ортиқ таклиф ва фикр-мулоҳазалар келиб тушган.

Адлия вазирлиги мутахассислари ҳуқуқшунос олимлар, депутатлар ва экспертлар иштирокида лойиҳаларда акс этган ғоялар ва тамойиллар мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситалари орқали аҳолига пешма-пеш ва батафсил тушунтириб борганини ҳам айтиш ўринли.

 Бу ишларнинг барчасига - Конституциявий комиссия тузилиб, Асосий Қонунимизнинг илк  лойиҳасини тайёрлашдан то миллий Парламентимиз томонидан унинг қабул қилинишигача бўлган ғоят захматли жараёнга   - икки йилдан ортиқ вақт кетди.

 

Таъкидлаш жоизки, энг илғор мамлакатларнинг конститутцияларидан асло қолишмайдиган Асосий Қонунимизнинг яратилишида халқимизнинг миллий ўзига хослиги ва  неча минг йиллик миллий давлатчилик тажрибаси ҳамда дунёнинг тўқсондан ортиқ давлатининг илғор конституцияларидаги тажрибалар ҳисобга олинди. Унда энг муҳим халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамланган ва умумэътироф этилган илғор демократик принциплар ўз инъикосини топди.

Шу боис, халқимиз давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси каби миллий Конституциямизни ҳам Ватанимизнинг муқаддас тимсоли деб билади ва юксак қадрлайди. Асосий Қонунимиз қабул қилинган кун – 1992 йил 8 декабрь умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади.

 

Инсон – ҳаёт гултожи

Кўпни кўрган халқаро экспертлар мамлакатимиз Конституцияси ҳақида сўз юритар эканлар, бир жиҳатни алоҳида таъкидлайдилар: “Ўзбекистон Бош қомусининг энг муҳим ғояси бу ҳаёт гултожи бўлган инсонни қадрлашга, халқнинг манфаатларини таъминлашга қаратилган. Конституциянинг “Ўзбекистон халқи” деган сўзлар билан бошланишида ҳам катта ҳикмат бор”.  

Бу давлатимиз сиёсатида инсонпарварлик, халқпарварлик тамойиллари устуворлигининг амалдаги ёрқин ифодасидир. Чунки мустақилликкача бўлган даврда, яъни собиқ мустабид Совет тузуми ҳукм сурган замонда, давлат манфаатлари барча нарсадан, ҳатто инсоннинг ҳаётидан ҳам устун қўйилар эди.

Асосий Қонунимизда эътироф этилганидек, мустақил Ўзбекситонда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади.

Ушбу конституциявий тамойилларнинг амалда таъминланаётгани туфайли бугун Янги Ўзбекистонда ҳар бир инсон ўзининг ҳимояланганини ҳис этиб, тинч ва осойишта ҳаёт кечирмоқда. Аҳолининг турмуш даражаси тобора юксалиб бормоқда.

 

Халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш, инсон ҳуқуқларини, жумладан, сайлов ҳуқуқини, эркинликларини, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни кенг таъминлаш борасидаги муҳим ўзгаришлар ҳозирги, пандемия шароитида ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ, албатта. Буни чуқур англаб етган халқимиз   амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда ва ўзгаришлар жараёнида фаол иштирок этмоқда.

 

 

Эътибор ва эътироф

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси миллий сайлов тизимини ва жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларини демократик ривожлантиришда, шубҳасиз, доим асосий ҳужжат бўлиб хизмат қилади.

Конституциямизда фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, миллий сайлов тизимининг асослари мустаҳкамлаб қўйилган. Бу қоида ва меъёрлар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган бошқа халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда ўз ифодасини топган ва умумэътироф этилган демократик принципларга мосдир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг алоҳида  XXIII боби мамлакатимиз сайлов тизимига бағишланган. Соҳага бундай юксак эътиборни барча ривожланган мамлакатларнинг Конституциясида  ҳам учратавермайсиз. Ушбу бобда  демократик сайловларни ўтказишга доир барча жараёнларнинг энг муҳим принциплари, мазмун-моҳияти аниқ белгилаб берилган. 

 

Мамлакатимиз сайлов комиссиялари тизимига фаолиятининг асосий принциплари мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлиликдан иборат бўлган Конституциявий орган мақомига эга Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раҳбарлик қилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан сўнги йилларда мамлакатимиз  сайлов тизимини халқаро нормалар ва тамойилларга мослаштириш, сайловчилар учун янада кенг имкониятлар яратиш ва фуқароларнинг эркинликларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

 

Юксак самаралар

 Изчил ислоҳотларнинг юксак самаралари 2019 йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлиси ва маҳаллий кенгашларга “Янги Ўзбекистон – Янги сайловлар” шиори остида ўтказилган сайловлар жараёнида ёрқин намоён бўлди. Фуқаролар ўзларининг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишлари учун барча шароитлар яратилди ва сайловчилар бу имкониятдан самарали фойдаландилар.      

 

Сайловлар натижасида конституциявий қоидалар ва халқаро сайлов стандартларига биноан Ўзбекистоннинг қонун чиқарувчи ҳокимияти ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг таркиби даврийлик принципи асосида янгиланиши таъминланди.

 

Сайловлар жараёнининг давоми сифатида, ижроия ҳокимияти қайтадан шакллантирилди. Сайловлар кўппартиявийлик ва муқобиллик, ошкоралик ва транспарентлик тамойилларига ҳамда дунёда умумэътироф этилган демократик  андазаларга мос янгиланган сайлов қонунчилигига биноан ўтказилди.

 

Сайловларни кузатиб борган 70 мингдан зиёд маҳаллий кузатувчи ҳамда кўплаб халқаро ташкилотлар, элликка яқин хорижий давлатдан келган  825 нафар кузатувчи, халқаро ва мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларининг мингдан ортиқ вакиллари сайловларни шарҳлар эканлар, “биринчи марта” деган сўзни бот-бот қайд этганларини таъкидлаш ўринли. Бу бежиз эмас.

 

Бу галги сайловлар илк бор Сайлов кодекси асосида ўтди.  Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2019 йилнинг 25 июнида Сайлов кодекси амалиётга киритилгач, сайловларнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди. Бунда, аввало, сайловга оид мавжуд бешта  қонун ва ўнлаб қонуности ҳужжатлари яхлит ҳужжатга жамланди. Бевосита ишлайдиган қонун мақомини олди.

 

Барча вакиллик органларига фақат сиёсий партиялар томонидан номзод кўрсатиш амалиётига ўтилди. Қонунчилик палатасидаги 150 депутатлик ўрни сақлаб қолингани ҳолда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакилларига квота ажратиш институти бекор қилинди. Натижада ўтган сайловларда бешта сиёсий партия ўзаро рақобатга киришди. Янги партия – Ўзбекистон Экологик партияси қуйи палатада 15 депутатлик ўрнини қўлга киритди. Сайлов қонунчилиги ва амалиётидаги бу янгилик замонавий Ўзбекистон тарихидаги муҳим воқеадир.

 

Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхатининг шакллантирилиши мамлакатимиз миллий сайлов тизимидаги мутлақо янги амалиёт бўлди. Мазкур рўйхатга сайлов ёшидаги 20,5 миллиондан зиёд фуқарога доир маълумотлар киритилди ва улардан сайловлар жараёнида белгиланган тартибда фойдаланилди. Айни пайтда, ахборот тизимидан 6720 та сайлов округи, 10260 та сайлов участкасининг, шунингдек, участка сайлов комиссияларининг жами 170 313 нафар аъзосига оид маълумотлар ҳам жой олди.

 

Ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахслар мамлакатимиз тарихида биринчи марта овоз бериш шарафига муяссар бўлгани ҳам Ўзбекистоннинг миллий сайлов тизимидаги энг муҳим  янгиликлардандир. Ўтган сайловда 4308 нафар ана шундай шахс ўзининг сайлов ҳуқуқидан фойдаланди.

 

Қайд этиш ўринлики, 2019 йил 4 сентябрь куни қабул қилинган «Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунга биноан, Конституциямизнинг 117-моддасига тегишли норма киритилгани бунда муҳим омил бўлди.

 

Хорижда яшаб турган барча ватандошларимиз учун овоз бериш имконияти яратилди. 32 мамлакатда ташкил этилган 55 сайлов участкасида 112 411 нафар юртдошимиз ўзининг Конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиб, овоз берди.

 

Таъкидлаш зарурки, аввалги сайловларда Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги ваколатхоналаридан консуллик рўйхатидан ўтган фуқароларгина овоз бера олган.

 

Сайловларга тайёргарлик жараёнида 180 минг нафарга яқин сайлов комиссиялари аъзолари 2019 йил 3 августдан 20 декабрга қадар “каскад” усулида махсус дастур асосида интерфаол услуда амалий семинар-тренингларда ўқитилди.

 

Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот марказида юздан ортиқ брифинг ва матбуот анжуманлари ўтказилди, Марказий сайлов комиссиясининг йигирмага яқин ведеоселектор йиғилиши ташкил этилди.

 

Сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларга сайловолди учрашувларини ўтказишлари учун ҳар қачонгидан кенг шарт-шароитлар яратилди, улар ўтказган 26 теледебат тўғридан-тўғри эфирга узатилди. Буларнинг барчаси замонавий Ўзбекистон тарихида сайловлар илк бор реал рақобат муҳитида ўтишига хизмат қилди.

 

Сайлов қонунчилигининг бузилиши ҳолатлари юзасидан тезкор чоралар кўриш мақсадида 2019 йилнинг 16 декабридан 2020 йилнинг 3 январига қадар барча вилоятлар, туманлар (шаҳарлар) маъмурий судларида доимий навбатчилик ташкил этилди. Бундай навбатчилик прокуратура ва ички ишлар органларининг бўғинларида ҳам йўлга қўйилди.

 

Оммавий ахборот воситаларидаги, ижтимоий тармоқлардаги ва оддий фуқароларнинг жойларда сайлов қонунчилигининг бузилиши ҳолатларига оид хабарларига тезкорлик билан муносабат билдириш, зарур ҳолларда тегишли тартибда чора кўриш механизми яратилди.     

  

Қонунчилик палатасига сайланган депутатларнинг 48 нафарини ёки 32 фоизини аёллар ташкил этгани ҳам Ўзбекистон тарихидаги мислсиз воқеадир. Зеро, 2014 йилги сайловларда 24 нафар аёл Қонунчилик палатаси депутати бўла олган.

 

Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

 

Халқаро кузатувчилар сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ишларга юксак баҳо бердилар. Барча сайлов участкаларида сайловчилар учун қулай шароитлар яратилганини, айниқса, жисмоний имконияти чекланган фуқаролар, турли миллат вакиллари учун сайлов ҳуқуқини амалга ошириш имконияти юқори даражада ташкил қилинганини эътироф этдилар.

 

Сайловларнинг муваффақиятили ўтишида, аввало, Ўзбекистонда мустаҳкам қарор топган тинчлик ва осойишталик, халқимизга хос бағрикенглик ва олижаноблик, меҳр­оқибат, ўзаро иззат­ҳурмат, сиёсий­ҳуқуқий маданият муҳим омил бўлганини таъкидлаш даркор.

 

Такомилда ҳикмат кўп

Дунё шиддат билан ўзгариб, даврнинг ўзи мамлакатлар ва халқлар олдига кутилмаган вазифалар, долзарб муаммолар қўймоқдаки, буларнинг барчаси миллий сайлов қонунчилигини ҳам мунтазам такомиллаштириб боришни тақозо этади.

 

Марказий сайлов комиссияси томонидан шу йилнинг февралида  маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда барча ҳудудларда сайловчилар, сайлов ташкилотчилари, маҳаллий раҳбарлар иштирокида қизиқарли давра суҳбатлари ўтказилди. Сайловларни янада самарали ташкил этиш, аҳолининг ҳуқуқий билим ва электорал маданиятини янада ошириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

 

Мулоқотлар чоғида, шунингдек, халқаро ташкилотларнинг хулосаларида, ижтимоий тармоқлар орқали оддий сайловчилар томонидан илгари сурилган таклифлар ва тавсияларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

 

Жумладан, мамлакатимиз Конституциясининг 117-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқароси бир вақтнинг ўзида иккидан ортиқ давлат ҳокимияти вакиллик органининг депутати бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.

 

Бир вақтнинг ўзида иккита маҳаллий вакиллик органи депутатлигига номзод этиб кўрсатилган фуқароларнинг сайловолди тарғиботини олиб бориш, учрашувлар ўтказиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келиши сир эмас. Бу масалада Марказий сайлов комиссиясига ҳам бир қатор мурожаатлар келиб тушган.

 

Шуларни эътиборга олиб, Асосий Қонунимизда бир номзод фақат битта сайлов округидан ва битта маҳаллий вакиллик органига сайланиши мумкинлигига оид қоидани киритиш таклиф қилинмоқда.

 

Сайлов қонунчилигига ўзгартириш киритиш орқали, халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларини тугатиш ва уларнинг ваколатларини туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юклаш ҳам асосли таклифлардандир.

 

Миллий сайлов амалиётимиздан ва халқаро кузатувчиларнинг тавсияларидан келиб чиқиб, сайловларни янада демократлаштириш ва эркинлаштиришга қаратилган шунга ўхшаш яна бошқа қатор таклифлар ҳам ўрганиб чиқилмоқда.

 

Ўтган ҳар бир сайлов - мамлакатимизда ривожланган демократик ҳуқуқий  давлат, эркин, очиқ ва адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш сари қўйилган муҳим қадамдир.

 

Эришилган муваффақиятлар сарҳисоб қилиниб, камчилик ва муаммоларнинг ўз вақтида баратараф этилиши, миллий сайлов қонунчилигининг Конститутциямизда мустаҳкамлаб қўйилган тамойиллар асосида янада такомиллаштирилиши эса  халқимиз фаровонлигини ошириш, буюк юксалиш йўлидаги  интилишларини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.      

 

Мирзо Улуғбек АБДУСАЛОМОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси Раиси,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист.

 

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси,

2020 йил 2 декабрь.