Сайлов даврида сайлов кампанияси ва сиёсий партияларни молиялаштириш мамлакатнинг демократик ислоҳотларни янги босқичига олиб чиқишида муҳим аҳамият касб этади.
Сайлов кампаниясининг давлат томонидан молиялаштирилиши сиёсий жараёнларда тенглик принципини таъминлаш билан бирга, маблағлар беҳуда сарфланишининг олдини олади. Бу, ўз навбатида, сиёсий партиялар ва номзодларнинг мавқени мустаҳкамлаш тенг ҳуқуқли рақобат муҳитини кенгайтириш ва сайловчиларнинг сиёсатчиларга ишончини оширишга хизмат қилади.
Сайлов кампанияси даврида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, сиёсий партиялар ҳамда номзодларнинг тарғибот ва ташвиқот ишлари муайян маблағ талаб этиши сир эмас. Бу борада давлат томонидан ажратиладиган маблағлар мақсадли, оқилона ва самарали сарфланиши ҳамда тенг тақсимланишида халқаро меъёрларга амал қилиниши муҳим аҳамиятга эга. Бу қонунчиликда сайлов кампаниясини молиялаштиришга оид қоидаларни мукаммал белгилашни талаб қилади.
Мамлакатимиз сайлов қонунчилигида сиёсий партия ёки унинг номзодининг сайловлар, хусусан сайловолди кампанияси билан боғлиқ барча ҳаражатлари давлат бюджетидан қопланиши шартлиги белгиланган.
Чет давлатларнинг, жисмоний ва юридик шахсларининг ҳамда халқаро ташкилотларнинг маблағлари ҳисобидан сайловни молиялаштириш ҳамда номзодлар ва сиёсий партияларни моддий жиҳатдан бошқача тарзда қўллаб-қувватлаш таъқиқланади. Ташвиқотни сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш, шунингдек пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб боришга ҳам йўл қўйилмайди.
Сайлов кодексининг 100-моддасига мувофиқ - Сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг бир номзод ҳисобига тўғри келадиган миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади. Бу ҳақдаги ахборот Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида, шунингдек зарур ҳолларда, бошқа манбаларда эълон қилинади.
Сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун давлат маблағлари шу партиядан кўрсатилган номзодлар рўйхатга олинганидан кейин рўйхатга олинган номзодлар сонига мувофиқ ҳажмда сиёсий партиянинг ҳисобварағига ўтказилади.
Сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағлари ташвиқот олиб бориш, номзодларнинг ишончли вакиллари ва ташвиқот ўтказиш учун жалб қилинадиган бошқа фаоллар ишини ташкил этиш, сайлов кампаниясини ўтказишга доир умумпартиявий тадбирларга сарфланиши белгилаб қўйилган.
Сиёсий партиялар ёки уларнинг номзодларини сайловда шахсий манбалардан олинган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилган ёки моддий жиҳатдан ўзгача тарзда қўллаб-қувватланган ҳолатлар аниқланса, бундай ёрдам хайрия ёрдами берувчига қайтарилиши, қайтариш имконияти бўлмаган тақдирда эса, давлат даромадига ўтказилиши лозим.
2019 йили мамлакатимизда ўтказилган Парламент сайловидан сўнг сиёсий партиялар ўзининг сайловдаги иштирокини молиялаштиришга оид ахборотни бир ой ичида ўз расмий веб-сайтида ва босма нашрларда эълон қилиши билан боғлиқ тажриба миллий экспертлар ва халқаро кузатувчилар томонидан юксак баҳоланганлигини таъкидлаш жоиз.
Шу йил 8 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунининг қабул қилиниши миллий сайлов қонунчилигимизда халқаро стандартларга тўла мос бир қатор янгиликларни жорий қилиш, сайловни молиялаштиришда шаффофликни таъминлашда муҳим омил бўлиши, шубҳасиз.
Хусусан, қабул қилинган қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонунининг 8, 16, 17 ва 18 моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Маълумки, 2004 йилда қабул қилинган мазкур қонуннинг 8-моддаси “Сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасига ва давлат ҳокимиятининг бошқа вакиллик органларига сайловда иштирок этишини давлат томонидан молиялаштириш” деб номланар эди. Ушбу модда 2019 йилда қабул қилинган Сайлов кодекси 100-моддасига мувофиқлаштирилди ва “Сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш” деб номланди.
Кодекснинг ушбу моддасида сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш белгиланган тартибда фақат ана шу мақсадлар учун ажратиладиган давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг бир номзод ҳисобига тўғри келадиган миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.
Сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағлари шу партиядан кўрсатилган номзодлар рўйхатга олинганидан кейин рўйхатга олинган номзодлар сонига мувофиқ ҳажмда сиёсий партиянинг ҳисоб-китоб варағига белгиланган тартибда ўтказилади.
Сайловда сиёсий партияларнинг иштирок этишини молиялаштириш учун ажратилган маблағлар сиёсий партия томонидан ташвиқот олиб бориш, номзодларнинг ишончли вакиллари ва ташвиқот ўтказиш учун жалб қилинадиган бошқа фаоллар ишини ташкил этиш ва сайлов кампаниясини ўтказишга доир умумпартиявий тадбирларга сарфланади.
Амалдаги қоунчиликка киритилган янгилик шундан иборатки, сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратилган давлат маблағлари юзасидан сайлов кунига қадар оралиқ ҳисоботини ва сайлов натижалари эълон қилинганидан кейин якуний ҳисоботини Марказий сайлов комиссиясига тақдим этади. Сиёсий партиянинг ҳисоботлари унинг расмий веб-сайтида ва босма нашрида эълон қилинади.
Мазкур қоиданинг белгиланиши сиёсий партияларнинг сайлов кампаниясидаги фаолияти шаффофлигини оширишга, сайловларда тенглик, адолатлилик, ҳаққонийлик ва холислик тамойилларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
Шу ўринда айтиш жоизки, аввал ўтказиб келинган сайловларда сиёсий партиялар томонидан оралиқ ҳисобот тақдим этилмаган. Қонунга ушбу нормалар ЕХҲТ ДИИҲБ томонидан берилган тавсиялари асосида киритилганлиги ҳалқаро сайлов стандартларига мос эканлигини кўрсатади.
Шу билан бирга, БМТнинг Коррупцияга қарши кураш конвенциясининг 7(3)-бандида давлатлар сиёсий партиялар ва номзодларни молиялаштириш манбаларини имкон қадар очиқлаш чораларини кўришлари зарурлиги қайд этилган.
Эндиликда сайлов кампанияси даврида сиёсий партиялар икки хил шаклда, яъни уставида назарда тутилган фаолияти ва сайловда иштирок этишини молиялаштириш ҳақидаги ҳисоботни бериши белгиланди. Сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун давлат маблағлари Марказий сайлов комиссияси томонидан тақсимланишидан келиб чиқиб, ушбу маблағлар бўйича ҳисоботни фақат Марказий сайлов комиссиясига тақдим этади.
Сиёсий партиянинг ҳисоботига унинг сайловда иштирок этишини ва уставида назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун ҳисобот йилида партиянинг ҳисобварағига келиб тушган ҳамда сарфланган давлат маблағлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Ҳисоб палатаси ва Адлия вазирлигининг хулосаси илова қилинади. Сиёсий партиянинг молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботи оммавий ахборот воситалари ва манфаатдор ташкилотларнинг вакиллари таклиф этилган ҳолда кўриб чиқилади.
Молиявий ва бошқа маблағларнинг келиб тушиши ҳамда сиёсий партияларнинг улардан белгиланган мақсадда фойдаланиши устидан назоратни Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг сиёсий партиялар молиявий фаолиятини текшириш натижалари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
Миллий сайлов қонунчилигимизга киритилган бундай муҳим ўзгартишлар сайловларда очиқликни таъминлаш, маблағларнинг сарфланиши устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатишда муҳим аҳамият касб этади. Маблағларнинг белгиланган йўналишга ишлатилиши уларнинг мақсадли сарфланишини таъминлайди. Молиявий интизомини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Адҳам ИБОДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг
аъзоси.