• eye Version for the visually impaired
Президент сайлови: юксак эътибор ва дахлдорлик туйғуси билан
29.04.2021
1546
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорликда “Янги Ўзбекистон: сайлов ҳуқуқининг янги кафолатлари” мавзусида семинар ташкил этилди. Унда мазкур Қўмита раҳбарилари ва масъул ходимлари, Марказий сайлов комиссияси аъзолари, мамлакатимизда фаолият юритаётган миллий маданий марказлар  ва дўстлик жамиятлари вакиллари иштирок этди.

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорликда “Янги Ўзбекистон: сайлов ҳуқуқининг янги кафолатлари” мавзусида семинар ташкил этилди. Унда мазкур Қўмита раҳбарилари ва масъул ходимлари, Марказий сайлов комиссияси аъзолари, мамлакатимизда фаолият юритаётган миллий маданий марказлар  ва дўстлик жамиятлари вакиллари иштирок этди.

Семинарда жорий йилнинг октябрида мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Президент сайловида сайловчиларнинг, жумладан, миллий маданий марказлар  ва дўстлик жамиятлари вакилларининг сайлов ҳуқуқи кафолатларини янада кенг таъминлашга кўмаклашиш борасида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилди. Ўзбекистон сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятига бағишланган маърузалар тингланди.

Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари С.Қурбонқулов, Г.Исмоилова бу йил мамлакатимизда кутилаётган улкан  сиёсий воқеа – Президент сайлови бутунлай янгича, халқаро сайлов стандартлари ва умум эътироф этилган демократик тамойиллар асосида ўтказилишига эътибор қаратдилар.

Давлатимиз раҳбари томонидан шу йил 8 февраль куни имзоланган “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун бу борада муҳим омил бўлиши алоҳида таъкидланди. Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Ушбу қонуннинг имзоланиши фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи кафолатларини, давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини янада кенгроқ таъминлашдек эзгу мақсадга хизмат қилади.

Қўмита раисининг ўринбосари А.Тошев Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси тўлақонли миссиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий вакиллик органларига 2019 йил 22 декабрда ўтказилган сайловларни кузатиш бўйича Якуний ҳисоботида билдирилган мақбул тавсиялар мамлакатимизда изчиллик билан  амалга оширилаётганига эътиборни қаратди.

Президент сайлови юксак сиёсий тафаккур маҳсули - мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта муҳим устивор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида  ўз ифодасини топган  илғор демократик ғоялар рўёбининг, Ўзбекистоннинг юксак тараққиётига халқимиз билдирадиган қатъий ишончнинг амалдаги яна бир ёрқин ифодасига айланиши қайд этилди.

Семинарда миллий маданий марказлар вакилларининг номзодлар томонидан тарғибот ва ташвиқот олиб боришда ахборот коммуникация технологиялари, ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг фойдаланиши, аҳолининг сайловда фаол иштирокини таъминлаш, эл-юрт тақдири ва сайловга дахлдорлик туйғусини шакллантириш, пандемия шароитида сайлов ўтказишнинг ўзига хос жиҳатларига доир саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати