• eye Version for the visually impaired
МИЛЛИЙ САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ ВА АМАЛИЁТИ: ХАЛҚАРО САЙЛОВ СТАНДАРТЛАРИ АСОСИДА
02.06.2021
1820
Янги Ўзбекистон кенг кўламли ва дадил ислоҳотларни давом эттириш, минтақавий ва халқаро ҳамкорликни фаоллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, илм-фанни ривожлантиришга қаратаётган юксак эътибори билан жаҳонга ўзини тобора кенг намоён қилмоқда.

Сайлов-2021

 

МИЛЛИЙ САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ ВА АМАЛИЁТИ: ХАЛҚАРО САЙЛОВ СТАНДАРТЛАРИ АСОСИДА

 

Янги Ўзбекистон кенг кўламли ва дадил ислоҳотларни давом эттириш, минтақавий ва халқаро ҳамкорликни фаоллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, илм-фанни ривожлантиришга қаратаётган юксак эътибори билан жаҳонга ўзини тобора кенг намоён қилмоқда.

 

Улуғвор ишларнинг узвий давоми

Бу, ўз навбатида, ташқи дунёга бағрини кенг очаётган демократик давлат сифатида Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи ва қиёфасига ижобий таъсир кўрсатибгина қолмай, аҳоли турмуш даражасининг сезиларли даражада ошишида ҳам муҳим омил бўлаётир. Шиддат билан ўзгариб ва ривожланиб бораётган, рақобат тобора кескин тус олаётган дунёда бундай ютуқларга эришиш осон бўлаётгани йўқ, албатта.

Халқ манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишлари сифатида  белгиланган Ўзбекистонда халқаро экспертлар инвестиция муҳитининг сезиларли даражада яхшиланаётганини қайд этмоқдалар. Бу миллий иқтисодиётни ва жамиятни кенг кўламли эркинлаштириш, аҳоли фаровонлигини янада ошириш борасидаги улуғвор ишларнинг узвий давомидир.

Юксак мақсад – демократик ва замонавий Ўзбекистонни барпо этиш йўлида собитқадамлик билан амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларни халқимиз ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётир. Чунки каттадир-кичикдир - ҳамма билади:  беш-олти йил илгари кимдир бизга “Ўзбекистонда очиқлик, ошкоралик, демократия тамойиллари, қонун устуворлиги амалда мустаҳкамланиши мумкин, тадбиркорлик учун барча йўллар кенг очилади”, деса ишонмас эдик. Шукрки, бугун бундай буюк ўзгаришлар реал ҳақиқат, ҳаёт тарзимизга айланиб бормоқда.   Амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, янгидан-янги йирик лойиҳалар, илм-фан, маърифатни юксакларга кўтариш, инновацион ривожланишга алоҳида эътибор – барча-барчаси халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун узоқни кўзлаб юритилаётган дадил, оқилона ва халқчил сиёсатнинг юксак самараларидир.

Одамларнинг жамиятда ва ҳаётда қонун устувор бўлишига ишончи ортмоқда, сўз ва фикр эркинлиги, илмий-ижодий руҳ, ташаббускорлик, фуқароларнинг ўз салоҳиятини намоён этиш сари дадил интилиши, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, имкониятлари амалда кенгаймоқда.

Бошланган кенг кўламли, туб ислоҳотларни дадил давом эттириш ва улуғвор режаларни рўёбга чиқариш халқ ва мамлакат манфаатлари ҳамда эҳтиёжларига хизмат қиладиган демократик қонунчиликни тақозо этади. Қонунчиликдаги демократик ўзгаришлар эса одамлар онгу тафаккури, турмуш даражаси ва жамият равнақига хизмат қилади. Бу жараён кўп жиҳатдан сайлов қонунчилигидан бошланади, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Зеро, эркин, очиқ сайлов тизими ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятининг энг зарур омилларидандир. Чунки фуқаролар сайлов орқали давлат ва жамият бошқарувида бевосита иштирок этади.

Буни сўнгги йилларда мамлакатимиз сайлов тизимини халқаро нормалар ва умумэътироф этилган тамойилларга мослаштириш, сайловчилар учун янада кенг имкониятлар яратиш ва фуқароларнинг эркинликларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли, юксак самарали ислоҳотлар мисолида яққол кўриш мумкин.

 

Адолатли иш

Кези келганда ушбу ўзгаришларнинг айрим йўналишларига тўхталиб ўтиш адолатли бўлади, деб ўйлайман.

Аввало, сайловларнинг кўппартиявийлик ва муқобиллик, ошкоралик ва транспарентлик тамойиллари асосида, жаҳонда умумэътироф этилган демократик стандартларга мос ҳолда ўтишини таъминлаш учун юртимизда қисқа муддат ичида улкан ишлар амалга оширилганини алоҳида таъкидлаш зарур. 2019 йил 25 июнда қабул қилинган Сайлов кодексидаги демократик ўзгаришлардан то сайлов тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий этишгача, янги ҳуқуқий нормалар ва қоидаларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказишдан то сайловчилар ягона электрон рўйхатини шакллантиришгача бўлган кенг кўламли жараёнлар шулар жумласидандир.

Ҳам сайланувчи, ҳам сайловчи сифатида кўп бор гувоҳ бўлганман: Сайлов кодекси қабул қилингунича миллий сайлов тизимида бир вақтнинг ўзида бешта қонун паралел равишда амал қилар эди. Уларнинг айрим нормалари бир-бирига зид бўлгани ҳам сир эмас. Баъзан сайлов комиссиялари, айниқса, қишлоқ жойлардаги участка сайлов комиссиялари аъзолари муайян вазиятда қандай йўл тутишни билмай боши қотарди: қонунларнинг бирида бундай, иккинчисида - бошқача.

Сайлов кодекси қабул қилингач, бундай ноаниқлигу оворагарчиликлар барҳам топганини нафақат миллий сайлов амалиётчилари, ҳатто халқаро экспертлар ҳам кенг эътироф этди. Миллий сайлов тизимининг ҳуқуқий асослари умумжаҳон талаблари ва тенденцияларига мувофиқлаштирилди. Кодекс кучга киритилиши муносабати билан ўттизга яқин қонун ҳамда қонуности ҳужжатларига кейинчалик киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, шунингдек, қонуности ҳужжатлар ўз кучини йўқотди. Ўттизга яқин!

 

Жаҳонда икки юзга яқин давлат бор

Сайлов кодексидан шу пайтгача миллий сайловчилигимизда бўлмаган ўнлаб янги норма ва қоидалар жой олди, амалдаги айрим тартиб-қоидалар бекор қилинди...

Сайлов жараёнларини бошқариш бўйича автоматлаштирилган тизим ва сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати илк бор жорий этилди. Чет элларда вақтинча яшаб турган меҳнат муҳожирлари, талабалар ва бошқа ватандошларимизга сайловда иштирок этишлари учун кенг шароит яратилди.  Озодликдан маҳрум этилган, бироқ оғир ва ўта оғир жиноят содир этмаган маҳкумларга илк бор овоз бериш имконияти яратилди.

Жаҳонда икки юзга яқин давлат бор. Лекин Ўзбекистондаги барча сиёсий партиялар, фуқаролик интитутларининг вакиллари иштирокида халқаро норма ва стандартлар асосида ишлаб чиқилиб, лойиҳаси кенг жамоатчилик, яъни халқ, таъбир жоиз бўлса, сайлов қонунчилиги борасида “қилни қирқ ёрган” халқаро экспертлар томонидан ҳам батафсил муҳокама қилиниб, умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига мос, пухта, ихчам ва яхлит шаклда қабул қилинган бундай мукаммал Сайлов кодексини яратиш саноқли мамлакатларгагина насиб этган, деб таъкидлаган экспертлар минг бор ҳақ.

Умумэътироф этилган халқаро талаблар ва стандартларга тўлиқ жавоб берадиган Сайлов кодекси асосида 2019 йили мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларга ўтказилган сайлов халқимизнинг ҳуқуқий онги, сиёсий билими ва маданияти ўсиб, жамиятимизда демократик тамойиллар мустаҳкам қарор топиб бораётганининг яна бир тасдиғи бўлди. Айни пайтда, Сайлов кодекси янги Ўзбекистоннинг жамиятни ва мамлакатни демократлаштириш ва эркинлаштириш, фикрлар хилма-хиллигини мустаҳкамлаш йўлидан чўнг қатъият билан бораётганинг яна бир тимсолига айланди.

Мамлакатимизда сайловчилар ва сайланувчилар учун яратилган ва яратилаётган бундай кенг имконият ва қулайликларга яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди. Шиддат билан ўзгараётган дунё, мамлакатимиздаги юксак самарали тадрижий демократик ислоҳотлар, халқимиз ҳаётидаги мисли кўрилмаган ўзгаришлар миллий сайлов тизими ва қонунчилигини ҳам халқаро стандартлар асосида такомиллаштиришни тақозо қилиши табиий.

Улкан қадам

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси асосида парламентга ва маҳаллий кенгашларга илк бор ўтказилган сайлов жараёнида орттирилган тажриба миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётида айрим бўшлиқлар ва ечимини кутаётган муаммолар мавжудлигини кўрсатди.

Шу йил 8 февраль куни имзоланган “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун бу борадаги вазифаларни ҳал этишга қаратилиши билан бирга, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи кафолатларини, давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини янада кенгроқ таъминлашдек эзгу мақсадларга хизмат қилади.

Ушбу қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳмиятига мухтасар тўхталадиган бўлсак, демократик сайловларнинг зарур ва муҳим шартларидан бири бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раҳбарлигида барча даражадаги сайлов комиссиялари тизими мустақиллигини таъминлаш борасида улкан қадам қўйилганини алоҳида таъкдламоқчиман. Жумладан, Марказий сайлов комиссияси ва сайлов комиссиялари аъзоларининг мақоми қонунан янада мустаҳкамланди.

Сайлов кодексининг тегишли модаларига киритилган ўзгартишларга кўра, Халқ депутатлари туман, шаҳар (Халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгаши бундан мустасно) кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари тузиш амалиётидан воз кечилди. Сабаби - ўзини оқламади. Бундай округлар комиссиялари ҳудудидаги участка сайлов комиссиялари сони, мутахассисларнинг маълумотларига қараганда, учтадан ошмасди. Муқояса учун: парламент депутатлари сайланадиган округларнинг ҳар бирига юзтагача участка сайлов комиссияси тўғри келади.

Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг оптималлаштирилиши натижасида 54 мингдан ортиқ аъзодан иборат 5739 округ сайлов комиссияси энди тузилмайди. Бундай мақбуллаштириш ортиқча вақт, меҳнат ва инсон ресурларини жалб қилиш ташвишига чек қўйиш билан бирга, маълумотларга қараганда, давлат бюджетининг 33 миллиард сўмдан ортиқ маблағини тежаш имконини ҳам беради.

Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилиши ва уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юкланиши муносабати билан туман, шаҳар сайлов комиссиялари таркиби 21 нафар аъзогача кенгайтирилди.

Сайлов кодексининг 25-моддасида “участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмас”лиги алоҳида қайд этилган. Бу таъкиднинг боиси маълум: сайлов жараёнида суиистеъмолчилик, таниш-билишчилик каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш. Аммо шифохоналар, дам олиш уйлари, ҳарбий қисмлар, мамлакатимизнинг чет эллардаги дипломатик ваколатхоналари каби муассасаларда, уларнинг қатъий ички тартиб-қоидалари талабларидан келиб чиққанда, сайлов участкаси аъзоларини бундай тартибда тузиш қийинлиги ҳам аён.

Шу боис, кодекснинг мазкур моддаси учинчи қисмига: “бундан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда ва дам олиш уйларида, бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида ташкил этилган участка сайлов комиссиялари мустасно”, деган қоида киритилди.

Эндиликда чет давлатларда истиқомат қилиб турган Ўзбекистон фуқароларини, дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, хорижий мамлакатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутилар орқали овоз беришнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди.

Шунингдек, сиёсий партиялар фаолиятининг молиявий шаффофлигини таъминлаш мақсадида улар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботларни ҳамда Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартиби жорий этилди.

Аслини олганда, сайлов қонунчилигига сайлов жараёнини такомиллаштиришга қаратилган ҳар бир ўзгартиш ёки қўшимча, у кимгадир “арзимасдек” туюлса-да, улкан заҳмат, чуқур таҳлил ва амалий синовлар эвазига амалга оширилади.

Зеро, миллий сайлов тизимидаги ўзгаришлар мамлакатда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ва ривожланиш, сиёсий-ҳуқуқий юксалишнинг мантиқий давомидир.

 

Изчил ислоҳотлар самаралари

Жорий йилнинг 31 май куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган демократик йўналишдаги ана шундай изчил ислоҳотлар бераётган самаралардан биридир.

Қайд этиш зарурки, ушбу қонун лойиҳаси Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) сайловлар бўйича миссиясининг мамлакатимиз сайлов тизими ва қонунчилигини такомиллаштиришга қаратилган тавсияларига биноан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан ишлаб чиқилган эди.

Бу қонун ижодкорлиги ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ҳамда давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларни очиқ, шаффоф ва мустақиллик принциплари асосида ўтказишда халқ ҳокимияти ва сиёсий плюрализмнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва сайлов тизимини босқичма-босқич модернизациялаш бўйича амалга оширилаётган изчил чора-тадбирларга уйғундир.

Амалдаги сайлов қонунчилигининг таҳлиллари сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш ҳамда сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоятлар бериш борасида муайян муаммолар борлигини кўрсатди.

Жумладан, оммавий тадбирларни ўтказишга оид қоидаларда сайловолди тарғиботини ўтказиш учун ҳам маҳаллий ҳокимликлардан рухсат олиниши шартлиги белгиланган.

Янги қонун асосида Сайлов кодексининг 48-моддасига киритилган қўшимчага биноан энди ушбу талаб бекор қилинди: “Сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар уларнинг ўтказилиши жойи ва вақти ҳақида туман (шаҳар) ҳокимликлари камида уч кун олдин ёзма равишда хабардор қилинган ҳолда ўтказилади. Бунда ушбу оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб этилмайди”.

Ўтган парламент сайлови олдидан сиёсий партиялар ва уларнинг номзодлари томонидан сайловчилар иштирокида юзлаб ана шундай оммавий тадбирлар ўтказилганини ҳисобга олсак, мавжуд муаммонинг ғоят демократик ўзанда ҳал этилгани, талай бюрократик тўсиқлар барҳам топгани аён бўлади.  

 

Шикоят судда кўриб чиқилади

Амалдаги Сайлов кодексига мувофиқ, сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоятлар судлар билан бир қаторда юқори турувчи сайлов комиссияларига ҳам берилиши мумкин. Бунда судларга ва сайлов комиссияларига такрорий шикоятлар тушиши, улар томонидан бир-бирига зид қарорлар чиқарилиши эҳтимоли йўқ эмас.

Эндликда бундай оворагарчиликлар ҳам барҳам топади. Янги қонунга биноан, сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар фақат суд томонидан кўриб чиқилади. Сайлов кодексининг 102-модда матнининг биринчи жумласи қуйидаги таҳририда баён этилди: “Номзод кўрсатган сиёсий партиялар органлари, номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин беш кун ичида судга шикоят қилиши мумкин”. 

Таъкидлаш ўринлики, бу сайлов жараёнида юзага келиши мумкин бўлган низоларни ҳал қилишнинг энг демократик йўлидир.

Шундай қилиб, юқори турувчи сайлов комиссияларининг ваколатларидан қуйи турувчи сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишга оид қоида чиқариб ташланди.

 

Процессуал ўзгаришлар

Янги қонунга биноан процессуал, яъни бевосита сайлов жараёнлари билан боғлиқ айрим янги қоидалар ҳам жорий этилди. Амалдаги қонунчиликка кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда саккиз нафар аъзодан иборат округ сайлов комиссияси тузилади.

Мамлакатимиз бўйича ўн тўртта округ сайлов комиссияси тузилишини эътибога олсак, уларнинг ҳар бирига мингга яқин участка сайлов комиссияси тўғри келади. Мингта участка сайлов комиссиясининг ҳар бирида камида уч минг нафардан сайловчи рўйхатга олинса, округ сайлов комиссиясида иш олиб борадиган аъзоларнинг ҳолини тасаввур қилиш қийин эмас.

Энди Президент сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияси зиммасига юкланадиган вазифалар кўламига эътибор беринг.

Сайлов кодексининг 22-моддасига биноан округ сайлов комиссияси:

тегишли ҳудудда ушбу кодекснинг ижроси устидан назоратни амалга оширади; сайлов участкаларини тузади, округ бўйича уларнинг тартиб рақамини белгилайди, манзилини кўрсатган ҳолда уларнинг рўйхатини эълон қилади; участка сайлов комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштиради; сайлов участкаларининг жойлашган ери ҳақида сайловчиларни хабардор қилади; участка сайлов комиссияларини тузади ва уларнинг таркиби ҳақидаги маълумотларни эълон қилади; номзодларга сайлов кампаниясида иштирок этиш учун тенг шароитларни таъминлайди; номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга кўмаклашади; депутатликка номзодларнинг ишончли вакилларини рўйхатга олади ва уларга тегишли гувоҳномалар беради; сиёсий партиялар, бошқа жамоат бирлашмалари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларининг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотини эшитади; сайловчилар рўйхатларининг тузилишини ва уларнинг ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилишини кузатиб боради; сайлов округи бўйича сайлов натижаларини аниқлайди ва уларни тегишинча Марказий сайлов комиссиясига, вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясига тақдим этади; такрорий овоз бериш ва такрорий сайлов, шунингдек, бўшаб қолган ўринларга депутатлар сайлови ўтказилишини ташкил этади; сайловчиларнинг ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилади.

Вазифалар кўламининг кенглиги ва муҳимлиги эътиборга олиниб, янги қонунга биноан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари аъзолари сонини 8 нафардан 18 нафаргача ошириш белгилангани ғоят адолатли иш бўлди.

Шунингдек, сайловда сиёсий партия ёки номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишда фуқаролар паспорт билан бир қаторда идентификация картаси орқали ҳам шахсини тасдиқлаши мумкинлигига оид норма киритилди.

Ушбу янги қонуннинг қабул қилиниши миллий сайлов қонунчилигимизни умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида янада такомиллаштиришга ва мазкур йўналишда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни халқаро ҳамжамиятга етказишга хизмат қилади.

 

Зайниддин НИЗОМХЎЖАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси раиси,

 Ўзбекистон Қаҳрамони.

 

 

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси, 2021 йил 2июнь.