• eye Version for the visually impaired
Семинар-тренингларнинг навбатдаги босқичи бошланди
07.06.2021
1772
Жорий йил 7 июнь куни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида  участка сайлов комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котиблигига номзодларнинг билим ва амалий кўникмаларини оширишга қаратилган семинар-тренингларнинг навбатдаги босқичи бошланди.

Жорий йил 7 июнь куни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида  участка сайлов комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котиблигига номзодларнинг билим ва амалий кўникмаларини оширишга қаратилган семинар-тренингларнинг навбатдаги босқичи бошланди.

Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан  апрель ойида тасдиқланган Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепциясига биноан, сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги ва сайловда замонавий ахборот технологияларини қўллаш бўйича назарий билими ҳамда амалий кўникмасини оширишга қаратилган семинар-тренингларни ташкил этиш ва ўтказиш уч босқичда амалга оширилмоқда.

Давлат бошқаруви академиясида 28 апрелдан 6 майга қадар сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар ва сайлов жараёни бошқа ташкилотчиларининг малакасини ошириш учун масъул  56 нафар республика тренери ҳамда масъул шахслар иштирокида семинар-тренингларнинг  дастлабки босқичи ўтказилди.

Давлат бошқаруви академиясида таҳсил олган 56 нафар республика тренери мамлакатимиз бўйлаб 17 майдан 24 майга қадар вилоятлардаги 936 нафар ҳудудий тренер, 346 нафар сайлов ташкилотчиси учун машғулотлар олиб борди.

Эндиги босқичда тайёрланган ҳудудий тренерлар туман ва шаҳарларга тақсимланиб,  участка сайлов комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котиблигига 32 мингдан ортиқ номзод учун сайлов қонунчилигидаги янгиликлар ва уларни амалиётда қўллаш масалалари юзасидан бугундан машғулотлар ўтказишга киришди.

Семинар-тренингларнинг навбатдаги, муҳим босқичига жойларда қандай тайёргарлик кўрилди? Бу саволга жавобни Қорақалпоғистон Республикаси мисолида кўриш мумкин.

“Қорақалпоғистон Республикасида бир миллиондан кўпроқ сайловчи рўйхатга олинган, - дейди Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси Мариника Бабаназарова. - Қорақалпоғистонда жами 658 участка сайлов комиссияси тузилиши режалаштирилган.

Бугунги кунда ҳудудда 1991 нафар участка сайлов комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котиблигига номзодлар рўйхати шакллантирилиб,  улар туман ва шаҳарлари кесимида 107 гуруҳга тақсимланган. 

Шунингдек, ҳар бир туман ва шаҳарнинг марказида 17 намунавий сайлов участкаси ва ҳар бири 20 кишига мўлжалланган жами 34 аудитория хоналари тайёрланиб, ўқув-семинар машғулотларини ўтказиш учун тайёр ҳолатга келтирилди.

Семинар-тренинглар жорий йилнинг 7 июнь санасидан  интерфаол усулларда, жумладан, маъруза, видеодарс, сайлов жараёнларини моделлаштириш, тренинг, симуляция, баҳс-мунозара тарзида олиб борилади”.

Машғулотлар зарур жиҳоз ва воситалар (проектор, электрон доска, компьютер, маркер, ичимлик суви, дизенфекция воситалари, дозаторлар ҳамда антисептиклар) билан тўлиқ таъминланган аудиторияларда олиб борилмоқда.

Қайд этиш жоиз, ушбу машғулотлар сайлов комиссиялари аъзоларига “Бир сайловчи – бир овоз” тамойилига қатъи амал қилиш, сайловчи шахсан ўзи овоз беришининг аҳамиятини кенг тушунтириш, шунингдек, уларнинг сайловчилар рўйхати билан ишлаш, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ва сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимидан фойдаланиш тартиби бўйича назарий билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган.

Тренинглар давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг конституциявий-ҳуқуқий асослари, сайловни ўтказувчи сайлов комиссиялари тизими, ваколатлари ва вазифалари, сайлов жараёнида хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва маҳаллий кузатувчиларнинг иштироки, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш, сайлов кунига тайёргарлик кўриш, сайлов куни овоз беришни ташкил қилиш, сайлов натижаларини аниқлаш ва эълон қилиш тартиби каби мавзулар кенг қамраб олинади.

 

Марказий сайлов комиссияси

 Матбуот хизмати