Мамлакатимизда бу йилги Президент сайлови илк бор Сайлов кодекси ва умум эътироф этилган халқаро сайлов стандартларига риоя этилган ҳолда ўтказилади.
Бу эса ўз навбатида, сайлов жараёнларини миллий сайлов қонунчилигига мос тарзда, уюшқоқлик билан ташкил этиш учун сайлов комиссиялари аъзолари ҳамда сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг билими ва кўникмаси юқори даражада бўлишини тақозо қилади.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида давом этаётган участка сайлов комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котиблигига номзодларнинг билим ва амалий кўникмаларини оширишга йўналтирилган семинар-тренингларда ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Машғулотлар Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастури ҳамда Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепциясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб ташкил этилган.
“Жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтадиган Президент сайловига Сурхондарё вилоятида тайёргарлик кўриш, сайлов жараёни иштирокчиларининг малакасини ошириш ва сайловчилар учун қулай шарт-шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, - дейди Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси Муяссар Қодирова. –Шундан келиб чиққан ҳолда, вилоятимизнинг 15 шаҳар ва туманида давом этаётган семинар-тренингларда уч юзга яқин тингловчи фаол қатнашмоқда. Машғулотларга 64 нафар ҳудудий тренер жалб этилган. Дарсларда сайлов қонунчилиги ва амалиёти бўйича ўқув амалий қўлланма ҳамда сайлов тизимига оид видео-дарслар ва видеороликлардан самарали фойдаланилмоқда”.
Фарғона вилоятида уч миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилади.
“Олдимизда участка сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларнинг билим ва кўникмаларини оширишдек муҳим вазифа турибди, - дейди Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси Орзигул Қозихонова. – Сайлов жараёнларининг очиқ ва шаффоф ўтишида сайлов комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котибларининг сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳамда умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари бўйича салоҳиятини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари каби Фарғона вилоятида ҳам семинар-тренингларнинг навбатдаги босқичига жиддий тайёргарлик кўрилди. Хусусан, вилоятнинг 19 туман ва шаҳарида ташкил этилган ўқув жараёнларига тўрт юздан зиёд тингловчи жалб этилди. Ўқув аудиториялар зарур жиҳоз ва воситалар (проектор, электрон доска, компьютер, маркер, ичимлик суви, перометр дизенфекция воситалари, дозаторлар ҳамда антисептиклар) билан тўлиқ таъминланган”.
“Хоразм вилоятида ўтаётган семинар-тренингларда жами 455 нафар тингловчи иштирок этмоқда, - дейди Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси Эргаш Юсупов. – Машғулотлар сайлов қонунчилигига оид энг долзарб мавзуларни қамраб олган. Жумладан, жорий йилда миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётининг янада такомиллаштирилиши фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи кафолатларини, давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини янада кенг таъминлашда муҳим омил бўлиши шубҳасиз. Бундай кенг имкониятларнинг яратилишида ўтган йиллари орттирилган миллий тажриба ҳамда халқаро кузатувчилар ва халқаро ташкилотлар, хусусан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг мақбул тавсиялари инобатга олингани таъкидланмоқда. Сайлов кодексида фуқароларга сайловларда иштирок этиш борасида яратилган қатор қулайликлар ҳақида ҳам тушунтиришлар берилмоқда. Бундай қулайликлар сирасига сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчига муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқи кафолатланганлигини мисол сифатида келтириш мумкин. Тингловчилар машғулотлар давомида участка сайлов комиссияси аъзолари олдида турган муҳим вазифалар ҳақида кенг маълумотга эга бўлаётирлар”.
Таъкидлаш ўринлики, республикамизнинг барча ҳудудларини қамраб олган семинар-тренинглар пировард натижада Президент сайлови жараёнлари очиқ ва ошкора ўтишига, аҳолининг сайловда фаол иштирок этиши ва юртимиз тақдири учун даҳлдорлик туйғусини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати