• eye Maxsus imkoniyatlar
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси Мирзо Улуғбек АБДУСАЛОМОВнинг Сайлов якунларига бағишланган БРИФИНГДАГИ   НУТҚИ
06.01.2020
4468
Кеча, 5 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 25 та сайлов округларидаги 1 730 та сайлов участкасида такрорий овоз бериш бўлиб ўтди. Ушбу сайлов участкаларида 3 миллион 147 минг 79 нафар фуқаролар Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига киритилган бўлиб, улардан 1 миллион 978 минг 48 нафари такрорий овоз беришда иштирок этди. Демак, Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига киритилган фуқароларнинг 62,8 фоизи такрорий овоз беришда иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси Мирзо Улуғбек АБДУСАЛОМОВнинг Сайлов якунларига бағишланган

БРИФИНГДАГИ   НУТҚИ

 

МСК Халқаро матбуот маркази.

Соат: 13.00. 2020 йил 6-январь.

 

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

 

Хонимлар ва жаноблар!

 

Хабарларингиз бор, 2019 йил 22-декабрь куни Мамлакатимизда катта сиёсий жараён - Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг сайлови бўлиб ўтди.

Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 25 декабрдаги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 25 та сайлов округларида биринчи турда ғолиблар аниқланмаганлиги учун, яъни ушбу сайлов округларидан номзодлари кўрсатилган бешта сиёсий партия номзодларининг бирортаси ҳам овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 50 фоизидан кўп овозини олаолмаганлиги сабабли ушбу сайлов округларида овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг энг кўп овозларини олган икки нафардан номзодлар ўртасида такрорий овоз беришни ўтказиш 2020 йил 5 январь кунига белгиланди.

Кеча, 5 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 25 та сайлов округларидаги 1 730 та сайлов участкасида такрорий овоз бериш бўлиб ўтди.

Ушбу сайлов участкаларида 3 миллион 147 минг 79 нафар фуқаролар Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига киритилган бўлиб, улардан 1 миллион 978 минг 48 нафари такрорий овоз беришда иштирок этди. Демак, Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига киритилган фуқароларнинг 62,8 фоизи такрорий овоз беришда иштирок этди.

Шуни алоҳида айтиб ўтиш лозим, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 59-моддасига мувофиқ такрорий овоз беришда сайловчиларнинг иштирок этиши фоизи ҳисобга олинмасада, бироқ бу жараёнда ҳам 62,8 фоиз сайловчиларнинг иштирок этганлиги, фуқароларимизнинг сиёсий ҳуқуқий маданияти юксалиб, уларнинг янгиланаётган Ўзбекистонда янгитдан шакллантирилаётган парламент сайловларига бефарқ эмас эканликларини ҳамда мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли, одилона ва инсонпарвар сиёсатни қўллаб-қувватлашларининг яна бир бор исботи бўлди.

Такрорий овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг овозини бошқа номзодга нисбатан кўпроқ олган номзод сайланган деб ҳисобланади.

Такрорий овоз бериш жараёнини депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан жами беш мингдан ортиқ кузатувчилар кузатиб борди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказилган мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳамда ҳудудий сайлов комиссияларидан аккредитациядан ўтган маҳаллий журналистлар сайловлар жараёнини фаол ёритиб бордилар.

2019 йил 25-декабрь куни Марказий сайлов комиссияси томонидан 125 та сайлов округларидан номзодлар Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган деб топилиб, рўйхатга олинган эди. Булар:

– Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан 42 нафар;

– Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 34 нафар;

– Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан 20 нафар;

– Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 18 нафар;

– Ўзбекистон Экологик партиясидан 11 нафар депутатга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати мақоми берилган эди.

2020 йил 5 январь куни бўлиб ўтган такрорий овоз бериш натижалари бўйича Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи 25 та округ сайлов комиссияларининг такрорий овоз бериш натижалари тўғрисидаги баённомалари ва қарорларига асосан:

– Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг 15 нафардан 11 нафари;

– Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 11 нафардан 2 нафари;

– Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 9 нафардан 4 нафари;

– Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг 10 нафардан 4 нафари ҳамда –  Ўзбекистон Экологик партиясининг 5 нафардан 4 нафари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати этиб сайландилар.

Марказий сайлов комиссияси ҳозир бўлиб ўтган йиғилишида ушбу депутатларни рўйхатга олиш ҳақида қарор қабул қилди. Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси тўлиқ шакиллантирилди.

 Дастлабки ҳамда такрорий овоз бериш натижасида, яъни сайловларнинг умумий якунларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида сиёсий партиялар қуйидагича депутатлик ўринларига эга бўлдилар:

1. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси 53 та депутатлик ўрни;

2. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси 36 та депутатлик ўрни;

3. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси  24 та депутатлик ўрни;

4. Ўзбекистон Халқ демократик партияси 22 та депутатлик ўрни;

5. Ўзбекистон Экологик партияси 15 та депутатлик ўрнини эгаллашди.

Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатасига сайланган 150 нафар депутатларнинг 48 нафари ёки 32 фоизини хотин қизлар, 39 нафарини ёки 26 фоизини олдин ҳам Қонунчилик палатаси депутати бўлганлар ташкил этади.

Депутатларнинг 9 нафари ёки 6 фоизи 30 ёшгача, 97 нафари ёки 65 фоизи 30 ёшдан 50 ёшгача бўлганлар ҳамда 44 нафари ёки 29 фоизи 50 ёшдан катта ёшдагилар. Энг ёш депутат 26 ёшда. Энг ёши улуғ депутат 71 ёшда.

Ўзбек миллатига мансуб депутатлар 130 нафар ёки 87,0%ни, бошқа миллат вакиллари – 20 нафар ёки 13%ни ташкил қилади. Улардан қорақалпоқ ва рус миллатига мансублар 5 нафардан, қозоқ ва тожик миллатига мансублар 3 нафардан, корейс миллатига мансублар 2 нафарни ҳамда 1 нафардан туркман ва қирғиз миллатига мансуб депутатлар ташкил қилади.

Мутахассислиги ва ихтисослиги бўйича депутатлрнинг 32 нафари ёки 21,3 фоизи фан-таълим соҳаси вакиллари, 23 нафари ёки 15,3 фоизи банк, молия ва иқтисод соҳаси вакиллари, 21 нафари ёки 14 фоизи ҳуқуқшунослар, 21 нафари ёки
14 фоизи жамоатчилик ва нодавлат-нотижорат ташкилотлари вакиллари, 12 нафари ёки 8 фоизи қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари, 9 нафари ёки 6 фоизи тиббиёт соҳаси вакиллари, 9 нафари ёки 6 фоизи қурилиш, коммуникация, транспорт ва алоқа соҳаси вакиллари, 6 нафари ёки 4 фоизи ОАВ вакиллари, 7 нафари ёки 5 фози тадбиркорлар ҳамда 10 нафари ёки 6,7 фоизи бошқа соҳа вакиллари саналади.

2019 йил 10 декабрь куни янги таҳрирда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасида Бош вазир номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилиши белгиланган. Ушбу қонунга мувофиқ Бош вазир номзодини кўрсатиш ҳуқуқига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси эга бўлди.

Марказий сайлов комиссияси ўзининг навбатдаги йиғилишларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Cенати аъзолари сайлови бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашларининг қўшма мажлисини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг, Сенатининг биринчи мажлисларини чақириш тўғрисида қарор қабул қилади ва бу ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади.

 

Азиз Ватандошлар!

“Янги Ўзбекистон – Янги Сайловлар” шиори остида ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва махаллий Кенгашларга сайловлар якунига етди. Кўп миллионли сайловчиларимиз, сайловларга ташриф буюрган халқаро кузатувчилар ушбу сайловлар аввало Ўзбекистон Республикаси Конститутцияси ва янги сайлов кодексига хамда халқаро стандартларга тўлиқ риоя қилган ҳолда ўтганлигини эътироф этишмоқда.

Халқимиз охирги йилларда Давлатимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳатлар натижаларидан рози эканликларини, бу сиёсатни қўллаб қувватлаётганликларини намоён этиб, сайловларда фаол иштирок этди. Эркинлик ва адолат билан, мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ҳамда фарзандларимиз келажаги учун овоз беришди.

Сайловлар натижасида  янгиланаётган Ўзбекистон Янги 2020 йилни янги таркибдаги Парламент ва маҳаллий Кенгашлар, бир неча кундан кейин эса сайланадиган янги хукумат ва ижроия хокимият билан кутиб олмоқда.

Янги йил янгиланаётган Ўзбекистонга қутлуғ келсин.

Марказий Сайлов Комиссияси аъзолари номидан хамма халқимизни янги йил ва муваффақиятли ўтган сайловлар билан табриклашга рухсат бергайсизлар.

 

Эътиборингиз учун рахмат!