• eye Version for the visually impaired
“Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги” ўтказилади
11.10.2019
2208
Жорий йилнинг 11 октябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис кун тартибидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлар сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларини тузиш ва уларнинг шахсий таркибини тасдиқлаш ҳамда “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги”ни ташкил этиш ва ўтказиш масалалари ўрин олди.

Жорий йилнинг 11 октябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис кун тартибидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлар сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларини тузиш ва уларнинг шахсий таркибини тасдиқлаш ҳамда “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги”ни ташкил этиш ва ўтказиш масалалари ўрин олди.

Сайлов кодексининг 21-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан, маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси эса тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва олти — саккиз нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ва Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқлаш учун тавсия этилади.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларининг аъзолари халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг тавсиясига биноан тасдиқланади. Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларининг аъзолари фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг тавсиясига биноан тасдиқланади.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига 2019 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жараёнида, сайловчиларнинг ҳуқуқий маданияти даражаси янада юксалтириш мақсадида тарғибот ойлигини тўғри ташкил этиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Таъкидланганидек, аҳолининг кенг қатламлари, хусусан, хотин-қизлар, ёшлар, айниқса, биринчи марта овоз берадиган фуқаролар, нуронийлар, имконияти чекланган шахслар, ҳарбий хизматчилар, меҳнат жамоалари, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар ўртасида, уларнинг сайлов жараёни фаоллигини ошириш, сиёсий билим даражасини юксалтиришга қаратилган тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш мақсадида 2019 йилнинг 15 октябридан 15 ноябригача Ўзбекистон Республикасида “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги” ўтказилади.

Тарғибот ва ташвиқот ойлигида сайловчиларининг ҳуқуқий билимини янада юксалтириш ва сайлов маданиятини ошириш, Сайлов кодексининг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда сайлов комиссияларининг роли ҳақида хабардор этиш, аҳолининг ўз конституциявий ҳуқуқларидан тўғри фойдаланиб, сайловларда фаол иштирок этишига ва даҳлдорлик туйғусини кучайтиришга эътибор қаратилади.

Шунингдек, Вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари аъзолари, адлия органларининг мутахассислари билан биргаликда маҳаллалар, корхоналар, таълим муассасаларида сайловчилар билан “Сайлов қонунчилигидаги янгиликлар” мавзуида учрашувлар ўтказиб боради.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги умумтаълим муассасаларининг ўқувчилари ўртасида “Мен ҳам келажакда овоз бераман!” мавзуида иншолар ва расмлар танловлари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан “Менинг овозим – Ватаним келажаги”, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Нуронийлар” жамғармаси билан биргаликда “Мен шахсан ўзим овоз бераман!” мавзуларида туркум тарғибот тадбирлари ўтказилади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда, “Сайловчилар рўйхатида бормисиз?” деб номланган тадбирлар доирасида Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантиришнинг мақсади, вазифалари ва аҳамияти ҳақида аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб боради.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати