• eye Version for the visually impaired
Округ сайлов комиссиялари иш бошлади
16.10.2019
2965
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов ўтказувчи Сирдарё вилояти Янгиер шаҳридаги 74-Янгиер округ сайлов комиссияси  ўз ишини бошлади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов ўтказувчи Сирдарё вилояти Янгиер шаҳридаги 74-Янгиер округ сайлов комиссияси  ўз ишини бошлади.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг тегишли моддаси талабларига мувофиқ округ сайлов комиссияси ваколатидаги қатор масалалар юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда Марказий сайлов комиссияси матбуот маркази Сирдарё вилояти бўлими аъзолари, сиёсий партияларнинг вакиллари, адлия бошқармаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар масъул ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи сайлов комиссияси, Марказий сайлов комиссияси матбуот марказининг вилоят бўлими барча шароитларга эга замонавий биноларда жойлаштирилди. Улар бугун иш фаолиятини изчиллик билан давом эттираётир.

– Сайловлар бугунги кунда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, яқин ва олис истиқбол учун белгилаб олинадиган стратегик тараққиётнинг дастурий вазифаларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади, – дейди халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссияси масъул котиби Фахриддин Абдусатторов. – Бу йилги сайловларда вилоятимизда 509 минг нафарга яқин сайловчилар, шундан 17 минг 600 нафари биринчи марта овоз берувчи ёш қатнашиши кутилмоқда. Вилоятда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 4 та, халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 50 та, шаҳар Кенгашларига 50 та, туман Кенгашларига 240 та ва жами 370 та сайлов округи ҳамда 381 та сайлов участкаси тузиш, уларнинг чегаралари ва марказларини белгилаш ишлари янги қабул қилинган Сайлов кодекси талаблари асосида амалга оширилмоқда. Сайлов комиссияларига жами 6 минг 750 нафар аъзо қамраб олиниши кутилаётир.

Вилоятдаги 74-Янгиер  сайлов округига 4 та ҳудуд қамраб олинган бўлиб, улар Янгиер, Ширин шаҳарлари ва Сардоба ҳамда Ховос туманларидир. Ушбу ҳудудлардан 126 минг 904 нафар сайловчи бўлиб, шундан 7 минг 401 нафарини бу сайловлар жараёнида илк маротаба овоз берувчи фуқаролар ташкил этади.

Худди шундай тадбир Гулистон шаҳри 72-Гулистон сайлов округида ҳам ташкил этилди.

Абдужалол ҚАЮМОВ, ЎзА