• eye Version for the visually impaired
ЁШЛАРНИНГ САЙЛОВ ЖАРАЁНИДАГИ ФАОЛЛИГИНИ ОШИРИШ – ДОЛЗАРБ ВАЗИФА
28.10.2019
3003
Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманида жойлашган Ёшлар оромгоҳида “Yosh_saylovchi” лойиҳаси доирасида сайловлар жараёнида ёшлар иштирокини кенгайтириш ва фаоллигини оширишга бағишланган семинар-тренинг бошланди.

Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманида жойлашган Ёшлар оромгоҳида “Yosh_saylovchi” лойиҳаси доирасида сайловлар жараёнида ёшлар иштирокини кенгайтириш ва фаоллигини оширишга бағишланган семинар-тренинг бошланди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасаларида тахсил олаётган ижтимоий фаол талабалар, “Ёшлар ва қонун”, “Мен сайловга тайёрман!” республика танловларининг иштирокчилари, давлат ва жамоат ташкилотларининг илғор ҳуқуқшунослари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг 200 нафарга яқин вакиллари иштирок этмоқда.

Семинар Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ўртасида 2019 йил 28 июнда сайловлар жараёнида ёшларнинг иштироки юзасидан ўзаро ҳамкорлик бўйича имзоланган келишувга биноан ташкил этилди.

Тадбирни ўтказишдан мақсад – сайлов қонунчилигини аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш ва тушунтириш,  ёшларнинг сайлов жараёнидаги фаоллигини ошириш, депутатликка номзодини илгари суриш бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашдан иборат.

 Бу Марказий сайлов комиссияси томонидан мамлакатимизда аҳоли кенг қатламларининг сайлов жараёнидаги фаоллигини ошириш мақсадида шу йил 20 октябрдан 20 ноябргача ўтказилаётган Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги тадбирларига ҳамоҳангдир.

Очиқ мулоқот шаклида бошланган тадбирнинг биринчи куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов билан учрашув бўлиб ўтди.

Жорий йилнинг 22 декабрь куни бўладиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлиги сайловларига тайёргарлик ишлари мамлакатимиз Президентининг ташаббуси билан бундан икки йил аввал бошланган эди. Давлатимиз раҳбарининг ушбу муҳим ташаббуси 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ўз ифодасини топди.

Жорий йилги сайловлардаги энг муҳим янгилик, шубҳасиз, сайловларнинг илк бор Сайлов кодекси асосида ўтказилиши билан боғлиқ.

Тадбирда “Янги Ўзбекистон. Янги сайловлар” деган сўзлар шиор сифатида танланган сайловларни конституциявий қоидалар ва халқаро сайлов стандартлари, демократик тамойиллар асосида ўтказиш мамлакатимизда белгилаб берилган стратегик мақсадлар сари қўйилган яна бир улкан қадам бўлади, деб таъкидланди. Бу Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузи, халқимиз фаровонлигининг янада юксалишига хизмат қилади.

Сайловлар - давлат ҳокимияти органларининг даврийлик принципига биноан ҳар беш йилда алмашиб туришига, уларни халқ ва жамият олдида ҳисобдорлик асосида ишлаш тартиб-таомилларига риоя қилишга муттасил ундаб, ҳатто мажбурлаб турадиган ягона механизм. Гап ана шу механизмдан, имкониятдан самарали фойдаланишда. Бу эса сайловчиларнинг ҳуқуқий онги, билим ва маданиятининг нечоғлик юксаклигига, ёшлардаги халқ ва Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусининг  барқарорлигига ҳам боғлиқ.

Миллий қонунчилигимизга биноан сайлов куни 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эга. Сайлов куни 21 ёшга тўлган йигит-қизлар маҳаллий кенгашларга, 25 ёшдан эса Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланиши мумкин.

Бу йилги сайловларда 20,6 миллионга яқин сайловчи овоз бериши кутилмоқда. Улардан 2 миллиондан ортиқ йигит-қиз эса биринчи марта сайловда иштирок этади.

Эзгу ният билан сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш ишига ўзининг фаол ҳиссасини қўшишга киришган ёшларнинг бундай хайрли саъй-ҳаракатлари келажакда ўзлари учун ҳам ғоят самарали ва фойдали бўлиши табиий. Чунки ижтимоий фаол ёшлар сайлов қонунчилигини чуқур ўрганиб, сайловчиларга ўргатиб ва сайловларни ташкил этиш ишига сидқи дилдан ҳисса қўшса, катта тажриба ва кўникмага эга бўлади. Эртага маҳаллий кенгашлар депутати  ёки Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати мандати учун курашга киришганида, бугун орттирган тажрибаси уларга жуда қўл келади.

Бу йил сайловларга тайёргарлик кўриш жараёнида округ ва участка сайлов комиссиялари таркибига ёшларни кўпроқ жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам шундан.

 Биз, ҳаммамиз эркин, фаровон ва тўкис демократик жамиятда, мамлакатда яшашни орзу қиламиз. Лекин фақат орзу, фақат талаб қилиш ва фақат кутиб яшаш билан иш битмаслигини, мурод ҳосил бўлмаслигини ҳам яхши биламиз. Бунинг учун фаол ҳаракат қилиш, ўқиш, ўрганиш, интилиш ва ўргатиш зарур.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “ёшларимизнинг мустақил фикрлайдиган, юксак интеллектуал ва маънавий салоҳиятга эга бўлиб, дунё миқёсида ўз тенгдошларига ҳеч қайси соҳада бўш келмайдиган инсонлар бўлиб камол топиши, бахтли бўлиши учун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини сафарбар этамиз”.

Бу ўгитларни барчамиз доим ёдимизда тутишимиз, яратилаётган кенг кўламли шароитлардан самарали фойдаланиб, билдирилаётган юксак ишончга муносиб бўлишимиз даркор.

Бунда мамалкатимиз  миқёсида доимий фаолият юритадиган ёш ҳуқуқшунослардан иборат тарғибот гуруҳларининг фаолиятини кенг йўлга қўйиш ҳамда улардан сиёсий жараёнларда фойдланиш муҳим аҳамиятга эга.

Уч кун давом этадиган тадбирлар доирасида сайлов жараёнида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаоллари олдида турган устувор вазифалар, жумладан, ёшларнинг сайлов жараёнидаги фаоллигини ошириш, йигит-қизларни депутатликка тайёрлаш ва бу борада уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳолининг жамоат, ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга йигит-қизларни кенг жалб қилиш, эл-юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлашга бағишланган  давра суҳбатлари, савол-жавоб кечалари, дебатлар, баҳс-мунозаралар ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг етакчи мутахассислари, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, маҳаллий кенгашлар депутатлари, олий таълим даргоҳларининг профессор-ўқитувчилари, сайлов қонунчилиги бўйича таниқли экспертлар билан амалий мулоқотлар бўлиб ўтади.

 

Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати