• eye Version for the visually impaired
2021 йил январида Козоғистонда парламент сайловлари бўлиб ўтиши белгиланди
22.10.2020
2406
Қозоғистон Президенти Касым-Жомарт Токаев республика парламентининг қуйи палатаси - Мажлисга навбатдаги сайловларни 2021 йил 10 январда ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Қозоғистон Президенти Касым-Жомарт Токаев республика парламентининг қуйи палатаси - Мажлисга навбатдаги сайловларни 2021 йил 10 январда ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

"Бугун мен парламент депутатлари сайлови муддатини белгилаш тўғрисидаги фармонга имзо чекдим. Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан барча даражадаги маслиҳатлар (кенгашлар) депутатларининг сайловлари тайинланди. Бўлажак сайловлар конституцияда белгиланган муддатларда, 2021 йил 10 январда бўлиб ўтади", - дейилади Ж.К.Токаевнинг оммавий ахборот воситаларида чоп этилган  расмий баёнотида.

Фармонга биноан партиялар рўйхати бўйича сайланадиган Мажлис депутатлари сайлови 10 январга, Қозоғистон халқи Ассамблеяси томонидан сайланадиган навбатдаги депутатлар сайлови 11 январга белгиланган.

Президент Токаевнинг сўзларига кўра, барча сиёсий партиялар бўлажак сайлов кампаниясида иштирок этишга тайёргарлик кўриш, сайловолди платформасини ишлаб чиқиш ҳамда партия инфратузилмасини яхшилаш учун етарлича вақтга эга бўлишди.

"Марказий сайлов комиссияси ва Бош прокуратура сайловларнинг қонунийлиги, ошкоралиги ва адолатли ўтиши устидан доимий равишда кузатиб боради", деди Президент.

Республика ҳукумати, Нур-Султон, Олмаота, Чимкент шаҳарлари ва вилоятларнинг ҳокимларига сайловни ташкилий, моддий-техник ва молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича зарур чораларни кўриш топширилган.

Қозоғистон Парламенти Мажлисига сўнгги сайловлар 2016 йил март ойида бўлиб ўтган. Мажлис депутатларининг ваколат муддати беш йил.

Маълумот учун, Сенат 49 депутатдан иборат. Сенатнинг ўн беш нафар депутати Сенат таркибида жамиятнинг миллий, маданий ва бошқа муҳим манфаатлари вакиллигини таъминлаш зарурлигини ҳисобга олган ҳолда давлат раҳбари томонидан тайинланади. Сенатнинг яна 34 нафар депутатини ҳар бир вилоятдан, Нур-Султон, Олмаота ва Чимкент шаҳарларидан 2 нафардан сайлашади. Сайланган Сенат аъзоларининг ярми ҳар уч йилда қайта сайланади. Сенат депутатларини сайлаш билвосита сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали амалга оширилади. Ўттиз ёшга тўлган, олий маълумотга ва камида беш йил иш стажига эга бўлган, тегишли вилоят, республика аҳамиятидаги шаҳар ёки пойтахт ҳудудида камида уч йил доимий яшаган шахс Сенат депутати бўлиши мумкин.

Шунингдек, Мажлис депутатлари 107 нафардан иборат бўлиб, уларнинг 98 нафари пропорционал сайлов тизими бўйича партиявий рўйхатлар асосида, 9 нафари эса Қозоғистон Халқ Ассамблеяси томонидан сайланади. Йигирма беш ёшга тўлган шахс Мажлис депутати бўлиши мумкин.

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати