• eye Version for the visually impaired
Миллий сайлов тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш кўлами тобора кенгаймоқда
27.10.2020
2075
Марказий сайлов комиссиясида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 октябрдаги “Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ташкилотлар ва идоралараро ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Марказий сайлов комиссиясида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 октябрдаги “Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ташкилотлар ва идоралараро ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Марказий сайлов комиссияси раҳбарияти, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Ички ишлар, Маҳалла ва оилани қўллаб-қуватлаш вазирликлари, шунингдек,  Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги вакиллари иштирок этган тадбир Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими (СЖБАТ) ва Сайловчилар ягона электрон рўйхатини (СЯЭР) такомиллаштириш масалаларига бағишланди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси М.Абдусаломов бошқарган йиғилишда  сайловларни очиқ-ошкора, демократик тамойиллар асосида ўтказишда сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг ва самарали жорий этиш муҳим ўрин тутиши алоҳида таъкидланди. Марказий сайлов комиссияси томонидан бу борада изчил ва тизимли ишлар олиб борилаётир. Жумладан, 2019 йили мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган  сайловларда сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ва сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати жорий этилди ва муваффақиятли қўлланди. Мазкур янгиликка сайлов ҳуқуқи бўйича етакчи мутахассислар, жумладан, халқаро ташкилотлар экспертлари томонидан юқори баҳоланди. Чунки мазкур тизимнинг халқаро андазалардаги “бир сайловчи — бир овоз” тамойилини амалга оширишдаги ўрни беқиёсдир.

 “Saylov—2019” мобиль иловасининг ишга туширилиши ҳам ана шундай муҳим янгилик сифатида сайловлар жараёнида миллионлаб сайловчилар, сайлов ташкилотчилари, экспертлар, кузатувчилар, номзодлар, партиялар фаолларининг оғирини енгил қилди. Иловага сайлов бўйича барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, барча  даражадаги сайлов комиссияларининг таркиби, манзили, телефон рақамларига оид маълумотлар, сайлов иштирокчиларига мўлжалланган ўқув материаллари, эслатма ва услубий тавсиялар, электрон кутубхона ҳамда саволларга жавоблар ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида жойланди.

Айни пайтда сайлов куни мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги олтмишта сайлов участкасига тажриба-синов сифатида ўрнатилган 120 видеокамера сайловчиларнинг овоз бериш жараёнини Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матубот марказига ва интернет орқали онлайн режимида бутун дунёга намойиш қилиб турди. Йигирмата сайлов участкасига овоз бериш чоғида фуқароларнинг шахсини аниқлаш учун  биометрик ҳужжатларни «ўқийдиган» олтмишта электрон қурилмадан тажриба-синов тариқасида фойдаланилди. 

Президентимизнинг 2018 йил 4 октябрдаги “Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан миллий сайлов тизимида  амалга оширилаётган бундай ўзгаришлар кўлами ва салмоғи  истиқболда янада оширилади.

Сайлов участкаларини зарур қурилмалар ва узлуксиз Интернет тармоғи билан таъминлаш, сайлов участкалари жойлашадиган бино ва иншоотларга оид маълумотларнинг электрон рўйхатини ва дислокациясини шакллантириш, сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимида ахборот хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ муҳим ишлар шулар жумласидандир. Бу тегишли вазирлик ва идораларнинг сайлов жараёнига доир идоравий ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини ўзаро интеграциялаш, реал вақт режимида янгилаб бориш, Ўзбекистон Республикасининг хорижда доимий ёки вақтинча яшовчи фуқароларини чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари ҳузурида ташкил этиладиган сайлов участкаларининг сайловчиларнинг ягона рўйхатига қўшиш борасидаги ишлар кўламини янада кенгатиришни тақозо қилади.

Тадбирда ишчи гуруҳи аъзоларига  бу борада белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш бўйича  аниқ топшириқлар берилди.  

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати