• eye Version for the visually impaired
Мунозара ва муҳокама: миллий сайлов қонунчилигини такомиллаштиришнинг замонавий тенденциялари
12.11.2020
1589
Жорий йилнинг 12 ноябрь куни Марказий сайлов комиссияси БМТнинг Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда Ўзбекистонда 2019 йил бўлиб ўтган парламент сайловлари натижаларини онлайн муҳокама қилиш ҳамда миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни белгилашга қаратилган тадбир ўтказилди.

Жорий йилнинг 12 ноябрь куни Марказий сайлов комиссияси БМТнинг Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда Ўзбекистонда 2019 йил бўлиб ўтган парламент сайловлари натижаларини онлайн муҳокама қилиш ҳамда миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни белгилашга қаратилган тадбир ўтказилди.

Zoom платформасида ташкил этилган тадбирни МСК раиси М.Абдусаломов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска очиб берди.    

Муҳокамаларда Адлия вазирлиги, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон ногиронлар жамияти вакиллари ҳамда сайлов бўйича БМТ ТДнинг сиёсий партияларни молиялаштириш,  ННТ ва ОАВ соҳасидаги маслаҳатчилари, ҳудудий сайлов комиссиялари котиблари, журналистлар ва блогерлар иштирок этдилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов, Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов томонидан таъкидлаганидек, 2019 йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистон парламенти ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида бўлиб ўтган  сайловлар аввалгиларидан тубдан фарқ қилди. Халқаро кузатувчилар ўз хулосаларида ушбу сайловлар халқаро стандартлар ва Ўзбекистон сайлов қонунчилиги асосида юқори савияда ташкил этилганлиги ва ўтказилганлигини қайд этдилар.

Марказий сайлов комиссияси илк бор сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш борасидаги ўз фаолиятини танқидий нуқтаи назардан ўрганган ҳолда таҳлилий ахборотини, мавжуд муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари бўйича таклифларни кенг жамоатчиликка эълон қилди. Ўтказилган таҳлиллар асосида Марказий сайлов комиссияси томонидан “Сайлов – 2019: ютуқлар, муаммолар, таклифлар”  номли рисола ишлаб чиқилди. Тадбир давомида рисоланинг тақдимоти ўтказилди.

Тадбир иштирокчилари сайлов қонунчилиги ва амалиётини янада такомиллаштиришга доир қатор таклифлар ва тавсияларини билдирдилар.   БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска ўз нутқида ўтган сайловларнинг ислоҳотлар ва янги Сайлов кодексига асосан ўтказилганлиги халқаро  кузатувчилар миссия вакиллари томонидан алоҳида эътироф этилиб, уларнинг кўпчилиги  сайлов ислоҳотларини давом эттириш кераклигини қайд этганликларини таъкидлади.

БМТ Тараққиёт дастурининг ННТ соҳаси бўйича маслаҳатчиси  Гевин Вайз 2019 йилда бўлган сайловлар халқаро стандартлар ва қатор халқаро ҳужжатларда белгиланган меъёрларга мувофиқ ўтганлигини, сайловда  кузатувчилар сони ортганлигини, миллий кузатувчилар институти ривожланиб бораётганлигини билдирди.  

БМТ ТДнинг сиёсий партияларни молиялаштириш соҳаси бўйича маслаҳатчиси Барбара Стоунстрит сиёсий молиялаштириш қоидаларига тўхталиб,  унинг асосий тушунчалари, сайловларга хусусий сектор маблағларини жалб қилиш бўйича илғор халқаро тажриба, сайловларда маблағларнинг ҳаражати ва шаффофлиги, сайлов ҳаражатлари юзасидан ҳисобдорлик ва унга амал қилиш устидан назоратни ташкил қилиш бўйича халқаро стандартлар ҳақида сўз юритди.  

Халқаро экспертлардан Иван Гадарский ўз маърузасида сайловларда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг шароитлар яратиш-эркин вақт ва майдон ажратилишининг муҳим роли ҳақида фикрларини билдирди. 2019 йилда бўлиб ўтган Парламент сайловларини ёритишда ОАВ вакилларининг иштироки ва сўз эркинлиги борасидаги ҳаракатлари ўтган галги сайловлардан кескин фарқ қилганлигига ижобий баҳо бериб ўтди.

Тадбир қатнашчилари ўз маърузаларида сайлов комиссияларини тузишда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини кенгайганлиги, сайловларда фуқаролик жамияти ўрни юксалиб бораётганлиги, ННТ иштирокини янада ривожлантириш зарурлиги ҳақида ўз фикрларини билдирдилар.

Жумладан, ногиронлиги бўлган сайловчиларга кенг имкониятлар яратилганлиги, хусусан, овоз бериш биноларига тўсиқсиз кириб бориши учун шароитлар, махсус кабиналар, Брайл алифбосида сайлов бюллетенлари, телевиденияда сурдо таржималар йўлга қўйилганлиги таъкидланди. Сайловлар янги фикрлар ва янги қиёфаларни кашф этганлиги, сайловчиларнинг сиёсий ҳуқуқларини амалга оширилиши орқали Ўзбекистонда янги сиёсий муҳит юзага келганлиги қайд этилди.

Оммавий ахборот воситаларининг сайловлардаги ролини ошириш мақсадида ОАВ ва жамоатчилик назоратини кучайтириш лозимлиги, сайловларда ОАВнинг иштироки ҳақида сайлов комиссия аъзолари ва журналистларга сайлов қонунчилиги бўйича тизимли ўқувлар ташкил этилиши сайловларни адолатли, шаффоф ва қонунчиликда белгиланганидек демократик тарзда ўтказилишига ёрдам бериши ҳақида қимматли фикрлар билдирилди. 

Ушбу таклифлар келгусида замонавий тенденцияларни инобатга олган ҳолда миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётини янада демократлаштириш, сайлов тизимини халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибага мувофиқ ривожлантиришга  хизмат қилади.

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати