Маълумки сайловларда замонавий ахборот коммуникация технологияларини қўллаш сайловчилар учун қўшимча қулайликлар яратиш билан биргаликда, сайлов комиссиялари ишини ҳам осонлаштиради. Бу борада Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати (СЯЭР) ва Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини (СЖБАТ) янада такомиллаштириш орқали фуқароларнинг доимий ва вақтинчалик яшаш жойлари, ҳудудлар, кўчалар, уйлар ва хонадонларнинг номлари ҳамда рақамларини электрон шаклда аниқ-равшан белгиланишини тақозо этади.
Шундан келиб чиққан ҳолда жорий йилнинг 27 ноябрь куни сайлов жараёнларида АКТ соҳасидан самарали фойдаланишни қўллаб-қувватлаш бўйича халқаро эксперт иштирокида 3 кунлик онлайн муҳокамалар ўз ишини бошлади.
Муҳокамалар давомида сайловчилар ягона электрон рўйхатининг маълумотлар базаси, сайлов жараёнида биометрик маълумотларни жорий этиш имкониятлари (“ID-card”), СЖБАТ тизимини халқаро тажрибага мувофиқ такомиллаштириш, сайловчилар рўйхатининг ишончлилигини таъминлашда юзага келиши мумкин бўлган хатарлар ва уларни камайтириш стратегиясини аниқлаш каби масалалар кўриб чиқилади. Шунингдек, вазирлик ва идора вакиллари учун СЯЭР ва СЖБАТда маълумотларни шакллантириш ҳамда уларни такомиллаштиришга оид бўлган тавсиялар ишлаб чиқилади.
Онлайн тадбирларда Марказий сайлов комиссияси, БМТнинг Тараққиёт дастури халқаро эксперти Горан Петров, БМТ ТД лойиҳаси координатори Георгий Бараташвили шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Давлат персоналлаштириш маркази, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда “UNICON.UZ” ДУК вакиллари иштирок этадилар.
Муҳокамаларнинг биринчи кунида МСК Раиси ўринбосари М.Истамов сўзга чиқиб, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини янада такомиллаштириш ва бу борада БМТнинг Тараққиёт дастури билан ҳамкорликни кучайтириш келгусида бўлиб ўтадиган сайловларни халқаро андозалар даражасида ўтишига хизмат қилишини қайд этиб ўтди.
Тадбирда таъкидланганидек, сайловчилар ягона электрон рўйхатини шакллантириш учун кўрилган хатлов чоралари натижасида Сайловчилар ягона электрон рўйхатини шакллантириш борасида тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ билан биргаликда 2018 йилнинг ноябрь ойидан 2019 йилнинг апрелига қадар уйма-уй юриб 33,0 миллиондан зиёд фуқаро хатлови ўтказилди. Фуқароларнинг паспорт маълумотлари 7,0 миллионга яқин кўчмас мулк объектининг кадастр рақамларига боғлаб чиқилди. Натижада 20,5 миллиондан зиёд сайловчининг ягона электрон рўйхати шакллантирилди ва автоматик равишда сайлов участкаларига тақсимланди. Сайлов кампанияси даврида ҳам сайловчилар рўйхатига аниқлик киритиш мақсадида такроран уйма-уй юриб фуқаролар хатлови ўтказилди.
БМТнинг Тараққиёт дастури халқаро эксперти Горан Петров тадбир давомида СЯЭР билан ишлашда Сайловчилар Ягона электрон рўйхатини аниқ ишлашини таъминлаш, “бир сайловчи-бир овоз” тамойилини рўёбга чиқаришда унинг аҳамияти, сайлов кампанияси даврида сайловчилар рўйхатини тузишда юзага келиши мумкин бўлган масалалар, маълумотларни тўплаш, мутасадди идораларнинг роли, СЖБАТ ва СЯЭРни ривожлантириш билан боғлиқ лойиҳа ғояларини ишлаб чиқишга оид масалаларга эътибор қаратди. Шунингдек, тизим билан ишлашда тегишли идора ва вазирликлар билан ҳамкорликни кучайтириш ижобий натижаларни беришини қайд этиб ўтди.
Шуниси муҳимки, ушбу тадбирда ўртага ташланган ғоялар, ишлаб чиқилган тавсиялар келгусидаги сайловларда юзага келиши мумкин бўлган СЖБАТ ва СЯЭР билан боғлиқ муаммо ва камчиликларни бартараф этишга хизмат қилади.
Марказий сайлов комиссияси
Ахборот хизмати