• eye Version for the visually impaired
COVID-19 пандемияси тарқалиши жадаллашаётган Индонезияда маҳаллий сайловлар бўлиб ўтди
11.12.2020
1632
2020 йилнинг 9 декабрида Индонезияда маҳаллий сайловлар бўлиб ўтди. Сайловчилар бир вақтнинг ўзида мамлакат бўйлаб 9 нафар губернатор, 224 туман ва 37 шаҳар ҳокимини сайладилар. Сайловчилар рўйхатига 100 миллиондан ортиқ киши киритилиб, жами 300 000 га яқин сайлов участкаси ташкил этилди.

2020 йилнинг 9 декабрида Индонезияда маҳаллий сайловлар бўлиб ўтди. Сайловчилар бир вақтнинг ўзида мамлакат бўйлаб 9 нафар губернатор, 224 туман ва 37 шаҳар ҳокимини сайладилар. Сайловчилар рўйхатига 100 миллиондан ортиқ киши киритилиб, жами 300 000 га яқин сайлов участкаси ташкил этилди.

Маҳаллий сайловлар COVID-19 пандемияси шароитида ўтказилиши тўғрисида қарор қабул қилиниши Индонезия жамоатчилиги ўртасида  баъзи бахсларга сабаб бўлди. Ҳозир Индонезия - Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари орасида коронавирус инфекцияси энг тез тарқалаётган давлатлардан бири.  586 000 дан ортиқ касалланиш ҳолати ва 18 000 дан зиёд ўлим ҳолати қайд этилган.

Индонезия Бош сайлов комиссияси томонидан 2019 йилнинг июнь ойида эълон қилинган сайлов жадвали коронавирус пандемияси туфайли мамлакат президенти Жоко Видодо қарори билан ўзгартирилиб, сайловлар 2020 йил 23 сентябрдан декабрь ойига қолдирилган эди. Ҳукумат соғлиқни сақлаш соҳаси экспертларининг сайловлар санасини яна бир бор кечиктириш тўғрисидаги таклифларини қўллаб-қувватламади.

Мамлакат бўйлаб бўлиб ўтган сиёсий жараён давомида коронавирус инфекциясининг янги ўчоқлари пайдо бўлишининг олдини олиш мақсадида, бир қатор чоралар кўрилди. Ҳар бир сайлов участкасида рўйхатга олинган сайловчиларнинг сони 500 нафардан ошмаслиги,  сайловчилар учун алоҳида овоз бериш графигининг белгиланиши, шунингдек барча участкаларда санитар процедуралар, ҳароратни ўлчаш, ниқоб тақиш, сайлов комиссиялари аъзоларидан коронавирус инфекцияси йўқлиги ҳақидаги тест натижаси талаб қилиниши кабилар шулар жумласидандир.

Индонезия Бош сайлов комиссияси томонидан сайловларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида эпидимиологик вазиятни ҳисобга олиб, халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар сайлов органлари вакиллари учун сайловларни кузатишнинг онлайн дастури ташкил этилди. Мазкур дастурда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси Г.Раҳимова ва Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Б.Исмоилов иштирок этди.