• eye Version for the visually impaired
Улуғвор вазифалар ижросига бағишланди
15.01.2021
1466
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномасида белгилаб берилган улуғвор вазифаларни чуқур ўрганишга ва ҳаётга татбиқ этишга бағишланган тадбирлар давом этаётир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномасида белгилаб берилган улуғвор вазифаларни чуқур ўрганишга ва ҳаётга татбиқ этишга бағишланган тадбирлар давом этаётир.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида ўтган навбатдаги семинар ҳам ушбу масалага бағишланди. Видео мулоқот шаклида ташкил этилган тадбирда Марказий сайлов комиссияси аъзолари, ходимлари ва ҳудудий сайлов комиссиялари раҳбарлари иштирок этди.

 Семинарда Тошкент кимё-технология институти кафедра мудири Фаррух Игитов ҳамда Марказий сайлов комиссияси Котибияти раҳбари Худоёр Маматовнинг маърузалари тингланди.

Президентимизнинг Парламентга Мурожаатномасида юртимизда ўтган йили амалга оширилган ишлар батафсил сарҳисоб қилиниб, 2021 йилда ва яқин истиқболда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишлари белгилаб берилди.  Ўзбекистонда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликларини ва манфаатларини янада кенгроқ ва тўлароқ таъминлаш, Ватанимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, унинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришга қаратилган ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини билимли ва бунёдкор ёшлар билан биргаликда барпо этиш, ана шу муҳим йўналишларда бошлаган ишларни давом эттириш ва янги, юксак босқичга кўтариш мақсадида, 2021 йилга мамлакатимизда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили», деб ном берилди.

Халқимизнинг турмуш даражаси ва сифатини юксалтиришга қаратилган мазкур дастурий ҳужжатда миллий сайлов тизимида амалга оширилаётган ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йилда юртимиз ва халқимиз ҳаётида муҳим сиёсий воқеа – президент сайловлари бўлиб ўтади.

Марказий сайлов комиссияси бўлажак сайловларни миллий қонунчилик ва умумъэтироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида юқори даражада ташкил этишга ҳозирдан алоҳида эътибор қаратмоқда. Бунда, ўтган сайловларда орттирилган миллий тажриба ҳамда халқаро кузатувчилар томонидан берилган мақбул тавсияларни миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётига татбиқ этиш ишлари муҳим ўрин тутади. Бу борадаги вазифалар Марказий сайлов комиссиясининг яқинда ўтган мажлисида батафсил муҳокама қилиниб, амалга ошириладиган зарур чора-тадбирлар белгилаб олинган эди.

Семинарда аҳолининг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий фаоллигини, электорал маданиятини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати