• eye Version for the visually impaired
Марказий сайлов комиссиясидаги учрашув
28.04.2021
2328
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) директори Маттео Мекаччи бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) директори Маттео Мекаччи бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Ташриф доирасида, 28 апрель куни делегация аъзолари Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси Зайниддин Низамходжаев билан учрашди.

Учрашувда томонлар 2019 йилги парламент сайловлари якунлари бўйича ДИИҲБ тавсияларини амалга ошириш ва Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш масалаларини муҳокама қилди.

Якуний ҳисоботда ўз ифодасини топган  тавсияларни таҳлил этиш, ўз вақтида умумлаштириш, сайлов қонунчилигида ва амалиётда қўллаш, шунингдек миллий қонунчиликка тегишли тавсияларни имплементация қилишни таъминлаш бўйича қатор ташкилий ва амалий чора-тадбирлар кўрилганлиги қайд этилди.

Жорий йилнинг 8 февралида “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюронинг тавсияларини амалга ошириш борасида кўрилган муҳим ишлардан бири бўлди. Ушбу ҳужжат билан, бир қатор қонунлар қаторида, Конституцияга ҳам ўзгартиришлар киритилди. Яна бир муҳим жиҳат –  ДИИҲБ тавсияларини инобатга олган ҳолда, Сайлов кодексига киритилган ўзгартиришлар ҳам таъкидлаб ўтилди.

Бу йил мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади.

Бўлажак сайловни принципиал жиҳатдан янги сиёсий, ҳуқуқий ва ташкилий даражада ўтказиш - мамлакатимиз барқарор ва изчил ривожланишини таъминлашнинг энг муҳим омили. Халқаро кузатувчилар, шу жумладан, хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар вакилларининг бўлажак сайловда иштироки сайловнинг умумэътироф этилган халқаро тамойиллар ва ҳуқуқий нормаларга мувофиқ ўтказилишга хизмат қилади.

ДИИҲБ директори М.Мекаччи сайлов соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини билдириб, Ўзбекистонга сайлов жараёнини янада такомиллаштиришда кўмаклашишга тайёр эканини таъкидлади.

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати