Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш концепциясига биноан ўтказилаётган семинар-тренингларнинг навбатдаги босқичи якунланди.
7-23 июнь кунлари ўтган мазкур босқичда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ва сайловолди жараёнларини қонунда белгиланган тартибда, юқори савияда ташкил этиш учун сайлов жараёни ташкилотчилари, иштирокчиларининг сайлов қонунчилиги ҳамда амалиётига оид билими ва амалий кўникмасини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Машғулотларда тингловчилар “Бир сайловчи – бир овоз” тамойилига қатъий амал қилиш, сайловчи шахсан ўзи овоз беришининг аҳамиятини кенг тушунтириш, шунингдек, сайловчилар рўйхати билан ишлаш, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ва сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимидан фойдаланиш тартибини атрофлича ўрганди.
Яна бир диққатга сазовор жиҳати шундаки, ўқув дастурининг ҳар бир мавзуси бўйича юқори малакали экспертлар томонидан видеодарслар ва видеороликлар тайёрланиб, ўқув жараёнида фойдаланиш учун республика ва ҳудудий тренерларга тақдим этилгани интерфаол усулда ташкил этилган машғулотларда жуда қўл келди.
Мазкур босқичда тайёрланган ҳудудий тренерлар туман ва шаҳарларга тақсимланиб, участка сайлов комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котиблигига 33 мингдан ортиқ номзод учун сайлов қонунчилигидаги янгиликлар ва уларни амалиётда қўллаш масалалари юзасидан машғулотлар ўтказди.
Cеминар-тренинглар туман ва шаҳарларда ташкил этилган намунавий сайлов участкаси, махсус жиҳозланган аудиториялар ва компьютер хонасини ўз ичига олган биноларда бўлиб ўтди. Ўтказилган семинар-тренинглар якунида тингловчилар Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Бош илмий методик маркази таълим порталида жойлаштирилган назорат тестларини топширдилар. Ўқувларда иштирок этган барча гуруҳлар тингловчилари тест жараёнларида иштирок этди.
Ҳозирда экспертлар томонидан ўнта мавзу бўйича жами икки юздан ортиқ кейслар тузиш ишлари олиб борилмоқда. Жорий йилнинг 12 июль куни туман (шаҳар)лар даражасида участка сайлов комиссиялари раислари, уларнинг ўринбосарлари ва котиблари лавозимларига номзодлар учун семинар-тренингларнинг навбатдаги босқичини бошлаш режалаштирилган.
Шу муносабат билан, 7-11 июль кунлари республика тренерлари ва мониторинг гуруҳи аъзолари машғулотларини юқори савияда ташкил қилиш ва ҳудудий тренерларга методик кўмак бериш мақсадида ҳудудларда бўлиб, маҳаллий тренерлар учун ўзига хос маҳорат дарсларини ўтказади.
Марказий сайлов комисссияси
Матбуот хизмати